Эзра 9 bob
1 Шу воқеалардан кейин Исроил халқининг йўлбошчилари менинг* олдимга келиб, шундай дейишди: “Сургундан қайтган Исроил халқининг кўпчилиги, ҳатто баъзи руҳонийлар билан левилар маҳаллий халқлардан ўзларини сақламадилар. Улар Канъон, Хет, Париз, Ёбус, Оммон, Мўаб, Миср ва Амор халқларининг жирканч одатларини ўзлаштириб олдилар.
2 Яҳудий эркакларининг баъзилари ўша халқларнинг қизларига уйландилар, ўғилларига ҳам ўша халқларнинг қизларидан олиб бердилар. Шу тариқа муқаддас халқ юртдаги бошқа халқлар билан чатишиб кетди. Бу хиёнатни йўлбошчилар билан амалдорлар бошлаб беришди.”
3 Мен бу гапларни эшитганимда қайғудан кўйлагим ва ридоимни йиртиб ташладим, соч–соқолимни юлдим. Қаттиқ изтиробда қолдим.
4 Сургундан қайтганларнинг бу хиёнати дастидан Исроил Худосининг сўзларидан қўрқадиган ҳамма одамлар менинг атрофимга тўпландилар. Мен эса кечки қурбонлик назр қилинадиган пайтгача изтироб чекиб ўтиравердим.
5 Кечки қурбонлик пайтида мен ҳамон изтироб чекканимча ўтирган ўрнимдан турдим. Кўйлакларим ва ридоим йиртилган ҳолатда тиз чўкдим. Эгам Худога қўлларимни чўзиб,
6 ёлвордим: “Эй Худойим! Қаттиқ хижолатдаман, ҳузурингда бошимни кўтаришга ботинолмайман. Эй Худойим! Айбларимиз бошимиздан ҳам ошиб кетган, гуноҳларимиз тоғдай уйилиб, осмону фалакка етган.
7 Ота–боболаримиз давридан шу кунгача биз гуноҳга ботиб келдик. Айбларимиз туфайли Сен бизни, шоҳларимизни, руҳонийларимизни бошқа юртларнинг шоҳларига мағлуб қилдинг. Улар бизни ўлдиришди, талон–тарож қилишди, асир қилиб олиб кетишди, худди ҳозиргидай, биз шармандали аҳволга тушдик.
8 Энди эса, эй Эгамиз Худо, Сен қисқа вақт давомида бизга шафқатингни кўрсатиб, бизни омон сақладинг, муқаддас масканинг олдига жойлаштирдинг. Бизга умид бердинг, қуллигимизда озгина бўлса ҳам, ҳаловат ато қилдинг.
9 Эй Худойимиз, биз қул бўлсак ҳам, Сен бизни тарк этмадинг. Бизга марҳамат кўрсатиб, Форс шоҳининг илтифотига сазовор қилдинг. Бизга янги ҳаёт ато қилдинг, уйингни қайта қуришимизга, уни тиклашимизга имконият бердинг, Яҳудо юртида ва Қуддусда бехатар яшашимизга имконият яратдинг.
10 Эй Худойимиз, энди нима ҳам дердик?! Буларнинг ҳаммасидан кейин ҳам биз амрларингга риоя қилмадик.
11 Сен пайғамбар қулларинг орқали шундай амр берган эдинг: «Сизлар эгалик қилиш учун кираётган бу юрт маҳаллий халқларнинг бутпараст удумлари туфайли ҳаром бўлган. Халқлар жирканч одатлари билан бутун юртни у бошидан бу бошигача булғадилар.
12 Шунинг учун уларга қиз узатманглар, ўғилларингизга уларнинг қизларини олиб берманглар. Уларга ҳеч қачон тинчлик ва фаровонликни раво кўрманглар. Шундагина сизлар кучли бўласизлар, юртнинг аъло ҳосилидан еб, роҳатланасизлар, бу юртни болаларингизга абадий мерос қилиб қолдирасизлар.»
13 Қабиҳ ишларимиз, ўзларимизнинг айбларимиз бошимизга тушган ҳамма кўргиликларга сабаб бўлди. Аслида, эй Худойим, Сен бизни гуноҳларимиз учун янада кўп жазолашинг керак эди, лекин ундай қилмадинг, айримларимизни омон сақладинг. Мана шулардан кейин ҳам
14 биз амрларингни буздик. Жирканч одатларга муккасидан кетган халқлар билан қуда–андачилик қилдик! Энди Сен биздан ғазабланиб, биронтамизни ҳам тирик қолдирмай қириб ташлашинг аниқ!
15 Эй Исроил халқининг Худоси — Эгамиз, Сен адолатлисан. Шунга қарамай, шу кунгача Сен бизни асраб келдинг. Сенинг олдингда туришга ҳақимиз йўқ, лекин мана, айбларимиз билан олдингда турибмиз.”