АЮБ ПАЙҒАМБАР КИТОБИ
Кириш
Аюб китобида баён қилинган воқеалар тахминан Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб пайғамбарлар даврларида юз беради. Мазкур китоб замирида барча замонлар учун долзарб бўлган қуйидагича савол ётади: “Нима учун Худо солиҳ кишиларнинг бу ҳаётда азоб тортишларига йўл қўяди?” Аюб ғоят бой киши эди. У чин дилдан Худога сажда қилади. У нафақат яхши инсон, балки Худога содиқ, солиҳ киши бўлади. Лекин шайтон Худога Аюбни ёмонлаб, Аюб Худодан олаётган барака туфайлигина Унга хизмат қилаётганини айтади. Шундан кейин Худо шайтонга Аюбни синаб кўришга ижозат беради. У шайтонга Аюбни бойлигидан, фарзандларидан ва ниҳоят соғлигидан маҳрум қилишга рухсат беради. Шунда ҳам Аюб Худога содиқ бўлиб қолади. Аюбнинг бошига кулфат тушганда, уч дўсти уни юпатишга келади. Улар, соғлик ва фаровонлик — Худо марҳаматининг белгиси, деб ишонадилар. Аюб соғлигидан ҳам, фаровон ҳаётидан ҳам айрилгани учун, улар Аюбга, Худо сени қандайдир гуноҳинг учун жазолаяпти, деб айтадилар. Аюб эса ўзининг айбсизлигини таъкидлаб, дўстларининг гапларини ўринсиз деб билади. Аюб дўстлари билан кўп баҳслашади, аммо иккала томон ҳам бир–бирининг гаплари нотўғри эканини исботлай олмайди. Ниҳоят, улар баҳслашишни тўхтатадилар. Баҳс давомида қаттиқ азоб чекаётган Аюб бир неча марта Худога ёлворади. “Нима сабабдан қийналаётганимни тушунтир”, деб Ундан талаб қилади. Лекин Худо унинг бу саволига жавоб бермайди. Аксинча, Аюбга зоҳир бўлиб, Ўзининг буюк ишлари ҳақида сўз юритади, Аюбни сўроққа тутади. Аюб Худонинг буюклиги ва донолигига тан беради. Аюб кам билса ҳам кўп гапиргани учун Худо унга танбеҳ беради. Бироқ содиқлиги учун уни мақтайди, унга кўп барака беради. Китоб якунида Аюбнинг фаровонлиги, яна фарзандлар кўргани ва олдингидан икки баравар кўпроқ бойлик орттиргани ҳақида баён қилинади. Хуллас, азоб–уқубатлар орқали Аюб Худонинг бутун борлиқ устидан ягона Ҳукмдор эканини билиб олади, ҳар қандай вазиятда ҳам фақат Худога сажда қилиш кераклигини тан олади. Мазкур китоб бизга ҳаётимизнинг энг оғир дамларида ҳам умидимизни Худога боғлашни ва фақат Унга суяниб яшашни ўргатади.