1 Аёл зотидан туғилган инсоннинг Умри қисқа, ҳаёти қайғуга тўла бўлади.
2 У гул сингари очилади–ю, яна сўлиб қолади. Соядай тез ўтиб кетади, кўпга чидамайди.
3 Эй Худо! Шундай инсонга назар ташлайсанми? Мени ҳукм қилиш учун Ўз олдингга олиб келасанми?
4 Ким ҳалолни ҳаром ичидан чиқара олади?! Ҳеч ким.
5 Сен инсон ҳаётининг кунларини санаб қўйгансан, Неча ой яшашини ҳам биласан. Инсон Сен белгилаган чегаралардан ўтолмайди.
6 Уни тинч қўй, дам олсин. Мардикорларга ўхшаб, кунлик ишини тинчгина битирсин.
7 Ҳатто дарахтнинг ҳам умиди бор, Агар у кесиб ташланса, яна ўсаверади, Дарахтнинг новдалари ўсишдан тўхтамайди.
8 Унинг илдизлари қариб, Тўнкаси чирий бошласа,
9 Ҳатто сувнинг ҳидини сезса ҳам яна яшнаши мумкин. Навниҳол кўчатдай яна новдалари кўкариши мумкин.
10 Лекин инсон ўлганда бор кучидан айрилади, Охирги нафасини чиқаради–ю, йўқ бўлиб кетади!
11 Сув денгиздан буғланиб чиқиб кетгандай Дарё қуриб, йўқ бўлиб кетгандай,
12 Инсон ҳам ётади–ю, қайтиб турмайди. Осмон йўқ бўлмагунча, у уйғонмайди. Ўлим уйқусидан уни ҳеч ким турғиза олмайди.
13 Эй Худо, қани энди, мени ўликлар диёрига* юборсанг, Ғазабинг босилгунча мени яшириб қўйсанг, Мен учун бир вақт тайинлаб, кейин мени ёдга олсанг.
14 Инсон ўлса, у яна тириладими? Агар шундай бўлса, озод бўлгунимча Барча қийинчиликларга чидаб берардим.
15 Мени чақирсанг, Сенга жавоб берган бўлардим. Менга — Ўз қўлинг билан яратганга мунтазир бўлардинг.
16 Шунда Сен қадамларимни ўлчардинг–у, Гуноҳларимни ҳисобга олмасдинг. Шунда Сен қадамларимни ўлчардинг–у, Гуноҳларимни ҳисобга олмасдинг.
17 Айбларимни хуржунга солиб, боғлаб қўйгандай бўлардинг. Фосиқлигимни ўчириб, устидан оқлаб ташлагандай бўлардинг.
18 Аммо тоғлар қулаб, майдаланиб кетади, Қоялар ўз жойидан сурилади,
19 Сув тошларни емиради, Тошқин сувлар ерни ювиб кетади. Худди шу сингари, Сен ҳам Инсоннинг умидини йўққа чиқарасан.
20 Сен инсонни бутунлай мағлуб қиласан, Инсон оламдан ўтиб кетади. Ўлганда юзини ўзгартириб, жўнатиб юборасан.
21 Фарзандлари ҳурматга сазовор бўлсалар ҳам, Хўрлансалар ҳам у билмайди.
22 Инсон фақат ўз танасидаги оғриқни сезади, Фақат ўзи учун қайғуради.”