1 Исроил халқи Мисрдан чиқиб кетганда, Яҳудо юрти Худонинг муқаддас маскани бўлди.
2 Ҳа, Ёқуб насли бегона юртдан кетганда, Исроил юрти Худонинг шоҳлиги бўлди.
3 Денгиз Худони кўрди–ю, қочди, Иордан дарёси орқага қайтди.
4 Тоғлар қўчқорлар каби сакради, Тепаликлар қўзилар каби ирғиди.
5 Не бўлди, эй денгиз, қочиб кетдинг? Не бўлди, эй Иордан, орқага қайтдинг?
6 Эй тоғлар, нечун сакрадингиз такалар каби? Эй тепаликлар, нечун ирғидингиз қўзилар каби?
7 Титрагин, эй замин, Раббий олдида, Ёқубнинг Худоси ҳузурида.
8 У қояни сув ҳовузига айлантирган, Қаттиқ қоядан булоқ чиқарган.
9 Эй Эгам! Содиқ севгинг, садоқатинг ҳақи Сенга шарафлар бўлсин! Бизга эмас, Сенга шарафлар бўлсин!
10 Нима учун бегона халқлар: “Қани уларнинг Худоси”, дея айтарлар?
11 Бизнинг Худойимиз самолардадир, У истаганини қилаверади.
12 Халқларнинг худолари эса кумуш, олтиндан, Инсон қўлларининг маҳсулидир.
13 Бутларнинг оғизлари бор, сўзлай олмаслар, Кўзлари бор, кўра олмаслар.
14 Уларнинг қулоқлари бор, эшита олмаслар, Бурунлари бор, ҳидлай олмаслар.
15 Уларнинг қўллари бор, сеза олмаслар, Оёқлари бор, юра олмаслар, Бўғизларидан овоз чиқара олмаслар.
16 Бутларни барпо қилганлар, бутларга ишонганлар Худди уларга ўхшаган бўлиб қолар.
17 Эй Исроил халқи! Ишонинг Эгамизга, У мадад берар, қалқон бўлар сизга!
18 Эй Ҳорун хонадони! Ишонинг Эгамизга, У мадад берар, қалқон бўлар сизга!
19 Эй Эгамиздан қўрққанлар! Ишонинг Эгамизга, У мадад берар, қалқон бўлар сизга!
20 Эгамиз бизни ёдда тутиб, барака беради, Исроил халқига У барака беради, Ҳорун хонадонига У барака беради.
21 Эгамиз Ўзидан қўрққанларга барака беради, Каттаю кичикка бир хилда барака беради.
22 Эгамиз сизларни, Болаларингизни кўпайтирсин.
23 Еру осмонни яратган Эгамиз Сизларга барака берсин.
24 Самолар Эгамизнинг самоларидир, Ерни эса У инсонларга бергандир.
25 Ўлим сукунатига ботган марҳумлар Эгамизга ҳамду сано айтмаслар.
26 Биз эса Эгамизга ҳозир ҳам, абадулабад Олқишлар айтамиз. Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!