1 Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Нақадар яхшидир Худойимизни тараннум этмоқ! Нақадар лаззатли, муносиб Унга ҳамду сано айтмоқ!
2 Эгамиз Қуддусни қайтадан қуради, Сургундагиларни Исроилга йиғади.
3 Эзилган кўнгилларга У шифо беради, Уларнинг яраларига малҳам қўяди.
4 Юлдузларнинг сонини У аниқлаб чиқади, Уларнинг ҳаммасига ном беради.
5 Раббимиз буюкдир, қудрати азимдир, Унинг донолиги чексиздир.
6 Эгамиз мазлумларни юксалтиради, Фосиқларни эса ерга уриб эзади.
7 Эгамизга шукрона айтиб тараннум қилинг, Худойимизга атаб лирада куй чалинг.
8 У самоларни булутлар ила қоплайди, У ерни ёмғир билан таъминлайди, Қир–адирларда ўт–ўлан ўстиради.
9 У ҳайвонларнинг ризқ–рўзини беради, Қарға болалари қағиллаганда уларга озиқ беради.
10 У отларнинг кучидан завқ олмайди, Сипоҳнинг кучли оёқларидан хушланмайди.
11 Эгамиз Ўзидан қўрққанлардан хушланади, Унинг содиқ севгисига умид қилганлардан мамнун бўлади.