1 Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Эгамизга ҳамду санолар бўлсин самолардан, Унга ҳамду санолар бўлсин фалаклардан!
2 Эй Унинг фаришталари, Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Эй Унинг самовий лашкарлари, Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!
3 Унга ҳамду санолар бўлсин, эй қуёш, эй ой, Ҳамду санолар бўлсин Унга, нурли юлдузлар!
4 Ҳамду санолар бўлсин Унга, эй фалаклар тоқи, Эй самолар узра жойлашган сувлар!
5 Эгамизга ҳамду сано айтсин улар, Эгамизнинг амри билан яратилган улар.
6 Эгамиз бир фармон билан уларни то абад жойига ўрнаштирди, Бу фармон бекор қилинмайди.
7 Ер юзидан Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Эй жамики тубсиз сувлар, денгиз махлуқлари,
8 Эй чақмоқ, қор, дўл, булутлар, Унинг амрига бўйсунувчи бўронлар Эгамизга ҳамду санолар айтинг!
9 Мадҳиялар айтинг Унга, эй тоғлар, жамики қирлар, Мевали дарахтлар, жамики садр дарахтлари!
10 Ҳамду сано айтинг Унга, Эй ёввойи ҳайвонлар, жамики чорва, Судралиб юрувчилару учар қушлар!
11 Мадҳиялар айтинг Унга, Эй заминдаги шоҳлар, жамики халқлар, Шаҳзодалар, заминдаги ҳамма ҳукмдорлар!
12 Унга ҳамду сано айтинг йигитлар, қизлар, Ёшу қари — ҳаммангиз бирга.
13 Ҳаммаси Эгамизга ҳамду сано айтсин, Ёлғиз Унинг номи юксакдир, Шуҳрати замину осмондан баланддир.
14 Эгамиз Ўз халқини қудратли қилди*. Шу боис тақводорлари Уни улуғламоқда, Қадрдони Исроил халқи Уни мадҳ этмоқда. Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!