1 Ижрочилар раҳбарига. Эгамизнинг қули Довуд саноси. Эгамиз Довудни жамики душманлари ва Шоулнинг қўлидан озод қилгандан кейин Довуд Эгамизга атаб шу қўшиқни айтди.
2 Сени севаман, эй Эгам, менинг қудратим.
3 Эгам суянган қоямдир, менинг қалъам, қутқарувчимдир. Ҳа, Худодир менинг қоям, Унда паноҳ топаман. Удир менинг қалқоним, қудратли нажоткорим, қўрғоним.
4 Эгамга илтижо қиламан, Ғанимларимдан У мени халос қилади. Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!
5 Мени ўлим тўрлари чирмаб олганди, Бало–қазо селлари даҳшат ила босиб келганди.
6 Ҳа, ўликлар диёрининг тўрлари мени ўраб олганди, Ўлим ўз тузоғига мени асир қилганди.
7 Кулфатда қолганимда Эгамга илтижо қилдим, Ҳа, нола қилдим Худойимга. У Маъбадидан туриб, овозимни эшитди, Оҳу нолам қулоғига етиб борди.
8 Ўша замон ер юзи титраб, тебранди, Тоғларнинг пойдевори ларзага келди, Эгам ғоят ғазабга минган эди.
9 Бурнидан тутун буруқсаб чиқарди, Оғзидан оташ пишқирарди, Олдидан қип–қизил чўғ ёғиларди.
10 У кўкларни ёриб, пастга тушди, Оёқлари остида — қора булут.
11 Эгам бир карубга миниб учди, Ел қанотлари узра учиб келди.
12 Атрофини зулмат билан ўради, Қуюқ, қора булутларни Ўзига чайла қилди.
13 Улкан нур Эгамнинг олдидан чиқди, Дўл ва қип–қизил чўғ қоп–қора булутларни парчалади.
14 Эгамизнинг овози кўкларда гулдиради, Худойи Таолонинг садоси эшитилди.
15 Ўқларини отди, Чақмоқ чақтириб, ёвларини тирқиратди, Уларни саросимага солди.
16 Эгамизнинг таҳдидларидан, Унинг қаҳрли нафасидан Денгизнинг туби кўриниб қолди, Замин пойдевори яланғоч бўлиб қолди.
17 Эгам юқоридан қўл узатиб, мени тутди, Баҳайбат сувлардан мени чиқариб олди.
18 Мени кучли ғанимларим қўлидан, Мендан нафратланган ёвларимдан қутқарди, Улар мендан кучли эдилар.
19 Қора кунимда улар менга ҳамла қилдилар, Аммо Эгам менга таянч бўлди.
20 Мени бехавотир жойга чиқариб қўйди, Мендан мамнун бўлиб, нажот берди.
21 Эгам солиҳлигим учун мени мукофотлайди, Айбсизлигим учун мени тақдирлайди.
22 Зеро, мен Эгамнинг йўлидан юрдим, Ахлоқсизлик қилмадим, Худойимдан юз ўгирмадим.
23 Унинг ҳамма қонун–қоидаларига риоя қилдим, Фармонларини четга суриб қўймадим.
24 Унинг олдида бенуқсон бўлдим, Гуноҳ қилишдан ўзимни сақладим.
25 Шу сабабли Эгам мени пок деб билди, Солиҳлигимга яраша мукофот берди.
26 Эй Эгам! Сенга содиқ бўлганга Сен содиқ бўласан, Яхши инсондан яхшилигингни аямайсан,
27 Пок кишига поклигингни кўрсатасан, Эгрининг айёрлигини ўз бошига соласан.
28 Аҳли камтарга эса нажот берасан, Димоғдорни ерга урасан.
29 Эй Эгам Худо! Чироғимни ёқувчи Ўзингсан, Зулматни мен учун ёруғликка айлантирасан.
30 Эй Худойим! Сенга суяниб лашкарни йўқ қиламан, Сенга суяниб деворлардан ошиб ўтаман.
31 Худонинг йўли комилдир, Эгамизнинг каломи чин ҳақиқатдир, Паноҳ излаб борганга У қалқондир.
32 Эгамиздан бошқа Худо ким экан?! Худойимиздан бўлак суянчиқ Қоя бормикан?!
33 Мени қудратли қилувчи Худодир, Йўлимни Ўзи бехатар қилади.
34 У оёқларимни кийик оёғидай қилади, Чўққилар узра мени бехатар юргизади.
35 Қўлларимни жанг қилишга ўргатади, Бармоқларим бронза ёйни бука олади.
36 Эй Эгам, Сен менга зафар қалқонингни бергансан, Ўнг қўлинг менга таянч бўлади, Мададинг эса мени юксалтиради.
37 Оёқларим учун йўлимни кенг қилгансан, Оёқларим сира оғиб кетмайди.
38 Ғанимларимни қувлаб, тутиб олдим, Уларни йўқ қилмай ортга қайтмадим.
39 Шундай эздимки уларни, тура олмадилар, Оёқларим остида чўзилиб қолдилар.
40 Сен менга қувват бериб, жангга юбординг, Менга қарши отланган ёвни олдимда бош эгдирдинг.
41 Ғанимларимни мендан қочирдинг, Мендан нафратланганларни мен йўқ қилдим.
42 Улар мадад сўраб фарёд қилдилар, Нажоткорни эса тополмадилар, Эй Эгам, ғанимларим Сенга ёлвордилар, Аммо Сен жавоб бермадинг.
43 Шамолнинг чангидай уларни эздим, Йўлдаги лойдек сидириб ташладим.
44 Сен мени халқнинг уруш–жанжалидан халос этдинг. Мени элларга йўлбошчи қилдинг, Ўзим танимаган элат менга қарам бўлди.
45 Овозимни эшитибоқ қулоқ тутди, Ёт эллар менга бўйин эгди.
46 Ёт эллар ҳолсизланиб йиқилди, Қалтираб манзилидан чиқиб қочди.
47 Эгам барҳаётдир! Суянган Қоямга олқишлар бўлсин! Нажоткорим Худо юксалсин!
48 Қасдимни олган Худодир, Халқларни менга У тобе қилган,
49 Мени ғанимларимдан У қутқарган, Босқинчилардан мени устун қилган, Мени зўравонлар қўлидан халос этган.
50 Шу боис, эй Эгам, халқлар ичра Сенга ҳамдлар айтаман! Сени куйлаб сано айтаман!
51 Эгамиз Ўз шоҳини улуғ зафарларга эриштиради, Ўзи танлаган шоҳ Довуд ва унинг наслига То абад содиқ севгисини кўрсатади.