1 Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси.
2 Худонинг шуҳратини самолар намоён қилади, Унинг ижодини фалак тоқи айтиб туради.
3 Осмон кундан–кунга буни билдиради, Ҳар тун бундан хабардор қилади.
4 Само, фалак айтмас бир гап, ё бир жумла, Чиқмас улардан ҳеч бир садо.
5 Аммо хабарлари ҳар томонга тарқалади, Оламнинг четигача етиб боради. Худо самоларда қуёш учун чодир қурган.
6 Қуёш гўшангадан чиққан куёвга ўхшайди. Қаҳрамонларга ўхшаб ғайрат билан йўлагидан боради.
7 Самоларнинг бир четидан у чиқиб, Айланиб, бошқа бир четига йўл олади, Унинг тафтидан ҳеч нарса яширина олмайди.
8 Эгамизнинг қонуни мукаммалдир, Бизга янги куч ато этади, Эгамизнинг фармонлари ишончлидир, Соддаларга донолик беради.
9 Эгамизнинг буйруқлари тўғридир, Қалбларни шодликка тўлдиради, Эгамизнинг амрлари равшандир, Улар кўзларга нур беради.
10 Эгамиздан қўрқиш покликдир, Бу то абад давом этади. Эгамизнинг қоидалари ҳақиқатдир, Ҳаммаси ғоят адолатлидир.
11 Улар соф олтиндан ҳам аълодир, Тоза асалдан ҳам ширинроқдир.
12 Эй Эгам, қоидаларинг менга, Ўз қулингга ўгит беради, Қоидаларингга итоат этганлар буюк мукофот олади.
13 Ким ўз хатосини била олади?! Яширин хатолардан мени Ўзинг поклагин.
14 Мен, қулингни ошкора гуноҳдан сақлагин, Устимдан гуноҳ ҳоким бўлмасин. Шунда мен айбсиз бўламан, Оғир гуноҳдан ҳам холи бўламан.
15 Эй Эгам, суянган Қоям, Қутқарувчим! Оғзимдан чиққан сўзлар, Юракдаги ниятларим Сенга маъқул бўлсин.