1 Ижрочилар раҳбарига. Кўрах наслининг саноси.
2 Эшитинглар, эй халқлар, Қулоқ солинг, олам аҳли,
3 Эй инсонлар, жамики одамзод, Бойлару фақирлар, қулоқ солингиз!
4 Оғзимдан тўкилади доно сўзлар, Қалбимнинг мулоҳазалари ҳам идроклидир.
5 Қулоғимни ҳикматга бураман, Маъносини лира билан англатаман.
6 Нега қўрқишим керак қаро кунларда?! Нега қўрқишим керак таъқиб қилувчилар Қабиҳ ишлари билан мени ўраб олганларида?!
7 Улар мол–мулкига ишонадилар, Беҳисоб бойликлари ила мақтанадилар.
8 Ахир, ҳеч ким ҳаётини пул тўлаб қутқара олмас, Ёки унинг учун Худога тўлов беролмас.
9 Инсон ҳаёти учун тўлов ғоят қимматдир, Ҳеч қандай тўлов етарли бўлмас.
10 Йўқса инсон то абад яшарди, Қабр юзини асло кўрмасди.
11 Донони қаранг, улар ҳам ўлади, Аҳмоқ, бемаъни бирдай ҳалок бўлади, Уларнинг бойлиги бошқаларга қолади.
12 Юртларга ўзларининг номини берганда ҳам, Мозор то абад уйи бўлиб қолади, Маскани наслдан наслга ўтаверади.
13 Бойлигига қарамай инсон то абад қолмас, Ўладиган жонзотга ўхшайди улар.
14 Ўзларига ишонганларнинг қисмати шудир, Уларнинг сўзини маъқуллаганларнинг тақдири шудир:
15 Улар қўйлар каби ўликлар диёрига ҳайдаладилар, Ўлим уларнинг чўпони бўлади, Тонгда тўғри инсонлар уларнинг устидан ҳукмрон бўлади, Таналари чириб кетади, Ўликлар диёри уларнинг қасри бўлади.
16 Ўликлар диёри ҳукмидан Худо мени қутқаради, Шубҳасиз, У мени Ўз ёнига олади.
17 Биронтаси бойиб кетганда, Уйининг ҳашамати ошиб кетганда, Ваҳимага тушма!
18 Оламдан ўтганда, у ўзи билан ҳеч нарса олиб кетмайди, Бойлиги ҳам унинг ортидан қабрга эргашиб бормайди.
19 Ҳаётлигида ўзини бахтиёр ҳисоблайди, Ошиб–тошиб яшагани учун Кўплар унга ҳамду сано айтади.
20 У ҳам ота–боболари ёнига кетади, Улар каби ёруғликни бошқа кўрмайди.
21 Бойлиги бўла туриб ақлсиз бўлганлар Ўладиган жонзотга ўхшайдилар.