1 Ижрочилар раҳбарига. Най жўрлигида айтиладиган Довуд саноси.
2 Сўзларимга қулоқ тут, эй Эгам! Диққат қилгин нолаларимга.
3 Эшитгин, мадад сўраб илтижо этаман, Сен ҳам Шоҳимсан, ҳам Худойимсан! Шу боис Сенга ибодат қиламан.
4 Эй Эгам! Тонг чоғи овозимни эшитасан, Субҳидамда Сенга ёлвораман, Сендан жавоб кутаман.
5 Қабиҳликдан мамнун бўлмайдиган Худосан Сен, Сенга меҳмон бўлолмас гуноҳкор инсон.
6 Такаббурлар ҳузурингда тура олмайдилар, Ҳамма бадкирдорларни Сен ёмон кўрасан.
7 Ёлғон гапирадиганларни Сен қириб ташлайсан, Эй Эгам, қонхўр, ёлғончилардан Сен жирканасан.
8 Мен эса содиқ севгингнинг мўллиги сабаб Сенинг уйингга кираман. Муқаддас Маъбадингда таъзим қиламан, Қўрқув ила Сенга сажда қиламан.
9 Нақадар душманларим кўп, эй Эгам, Одиллигинг билан мени сўқмоғингдан етакла, Ўз йўлларингни менга равшан қил.
10 Душманларим оғзидан ҳақиқат чиқмайди, Уларнинг юраклари балою офатдир. Очиқ қабр кабидир оғизлари, Тиллари хушомад қилади.
11 Эй Худо, уларни жазолагин! Ёмон ниятлари ўзларининг бошига етсин. Улар Сенга қарши исён қилганлар. Гуноҳлари кўплиги учун уларни ҳайдаб юборгин.
12 Сенда паноҳ топганларнинг ҳаммаси севинсин, То абад шодликдан улар куйласин. Уларни Сен ҳимоя қилганинг учун, Сени севганлар севинч ила жўшсин.
13 Эй Эгам! Сен солиҳ кишиларга барака берасан, Сенинг ҳимматинг уларни қалқондай ҳимоя қилади.