1 Ижрочилар раҳбарига. Саккиз торли асбоб жўрлигида айтиладиган Довуд саноси.
2 Эй Эгам! Ғазаб билан менга танбеҳ бермагин, Қаҳринг сочиб, менга жазо бермагин.
3 Эй Эгам, мадорим йўқ, раҳм қил менга, Суякларим зирқирайди хасталикдан, Эй Эгам, шифо бер менга.
4 Азоб чекмоқда жоним, Қачонгача куттирасан, эй Эгам, қачонгача?
5 Кел энди, эй Эгам, қутқар жонимни, Содиқ севгинг ҳақи озод қил мени.
6 Ахир, ўлганда эсламас ҳеч ким Сени, Ўликлар диёрида ким шукур қилар Сенга?!
7 Оҳ–воҳ қилавериб чарчадим, Тунлари кўз ёшларим туфайли ўрним ҳўл бўлди, Йиғлаганимдан тўшагим шалаббо бўлади.
8 Кўзларим нури сўнди ғамдан, Заифлашди кўзларим душманларим дастидан.
9 Йўқолинглар кўзимдан ҳаммангиз, эй бадкирдорлар! Нола–йиғиларимни Эгам эшитди.
10 Эгам эшитди менинг илтижоимни, Эгам қабул қилади менинг ибодатимни.
11 Жамики душманларим уялиб қолади, Ҳаммаси ваҳимага тушиб қолади, Ўша он шарманда бўлиб, қайтиб кетади.