1 Ижрочилар раҳбарига. Довуд саноси. Қўшиқ
2 Эй Қуддусдаги Худо, Сен лойиқсан ҳамду санога, Сенга берган онтимизни бажо қиламиз.
3 Сенсан ибодатларга жавоб бергувчи, Жамики одамзод Сенга келади
4 Гуноҳ устимиздан тантана қилган, Сен эса кечирасан гуноҳларимизни*.
5 Қутлуғ ҳовлимда яшасин дея, Сен Ўзинг танлаб, олиб келган инсон Нақадар бахтлидир! Уйингнинг, муқаддас Маъбадингнинг Неъматларидан биз баҳраманд бўламиз.
6 Ғаройиб ишлар кўрсатиб, Ғалаба ила бизга жавоб берасан, Эй нажоткоримиз Худо! Ернинг тўрт томонининг, Ҳамда энг узоқ денгизларнинг умиди Сенсан.
7 Куч билан Ўзингни қуроллантиргансан, Қудратинг ила тоғларни жойлаштиргансан.
8 Денгизлар ҳайқириғини бостирасан, Тўлқинлар шовқинини тинчитасан. Халқлар шовқин–суронига барҳам берасан.
9 Дунёнинг у четида яшовчилар Мўъжизаларингдан қўрқувга тушади. Шарқдан ғарбгача халқлар Сенинг ишларингни севинч ила куйлайди.
10 Заминни Сен суғориб парваришлайсан, Мўл–кўл қилиб уни бойитасан. Эй Худо, дарёларинг суви лиммо–лимдир, Инсонларни дон–дун билан таъминлашни мўлжаллагансан.
11 Эгатларини қондириб суғорасан, Баланд жойларини Ўзинг текислайсан, Ёмғир билан тупроғини юмшатасан, Ҳосилига барака берасан.
12 Мўл ҳосил билан йилга тож кийгизасан, Араваларинг юрган йўллардан бойлик оқади.
13 Чўл серсув ўтлоқзорларга айланади, Тепаликлар севинчга бурканади.
14 Яйловлар қўй сурувлари билан қопланади, Водийлар донларга тўлади, Улар севинчдан ҳайқириб қўшиқ айтади.