Забур 72 bob
1 Ҳақиқатан ҳам, Исроил халқига, Юраги пок бўлганларга Худо ҳиммат қилар.
2 Оёқларим тойиб кетай, деди, Сал бўлмаса сирпаниб йиқилай, дедим.
3 Фосиқнинг яшнаётганини кўрганимда, Такаббурларга ҳасад қилдим.
4 Улар оғриқ нималигини билмайдилар, Таналари соппа–соғ, бақувват.
5 Бошқалардай улар дард тортмайдилар, Бошқалардай улар азоб чекмайдилар.
6 Киборлик уларнинг бўйнидаги маржон бўлади, Зўравонликни улар либос қилиб кийиб олган.
7 Уларнинг кўзларини ёғ босиб қолган, Хаёлларида аҳмоқона ниятлар тўлиб–тошган.
8 Такаббурлар масхаралаб, хусумат билан гапиради, Мағрурланиб, зулм билан таҳдид қилади.
9 Фосиқлар оғизлари билан осмонга даъво қилади, Тиллари билан ер юзини мулк қилиб олади.
10 Шу боис ҳар ким уларга юз буради, Уларнинг сўзларини сув каби ичади.
11 Яна улар шундай дейдилар: “Худо қандай қилиб била олади?! Худойи Таоло нимани ҳам биларди?!”
12 Фосиқлар ана шунақа! Доимо беташвиш бойлик орттиради.
13 Ҳа, мен бекорга юрагимни пок тутган эканман–да! Айбсизман, дея бекорга қўлларимни ювибман–да!
14 Ахир, кун бўйи азоб тортаман, Ҳар куни эрталаб жазо оламан.
15 Мен ҳам фосиқ гапларни гапираверганимда, Сенинг содиқ фарзандларингга хоинлик қилган бўлар эдим.
16 Аммо буларни тушунай, десам, Бу иш жуда ҳам машаққатли туюлди.
17 Худонинг муқаддас масканига кирдим, Шундагина фосиқлар қисмати не бўлишини тушундим.
18 Эй Худо, чиндан ҳам уларни сирпанчиқ ерга қўйгансан, Уларни жарликка улоқтириб, барбод қиласан.
19 Улар бирдан қирилиб кетади, Ваҳимадан қирилиб, йўқ бўлади.
20 Уларнинг ҳаёти фақат тушдир, Уйғонганларида унут бўлади. Сен ҳам қўзғалганингда, эй Раббий, Уларнинг ҳаётига чек қўясан.
21 Ғамга тўлган пайтларимда, Юрагимда дард пайдо бўлганда,
22 Мен нодон, жоҳил бўлган эканман, Қаршингда онгсиз ҳайвон каби бўлган эканман.
23 Шундай бўлса ҳам, доимо Сен биланман, Сен ўнг қўлимдан ушлагансан.
24 Ўгитларинг билан менга йўл кўрсатасан, Охири мени шон–шуҳрат ила кутиб оласан.
25 Сендан бошқа кимим бор самода?! Сендан ўзгасини истамасман ер юзида.
26 Адо бўлиши мумкин танаму юрагим, Аммо Сен, эй Худо, қалбимнинг қувватисан, Сен то абад барқарорлигимсан.
27 Сендан узоқ бўлганлар ҳалок бўлади, Қириб ташлайсан Сенга содиқ бўлмаганларни.
28 Эй Худо, Сенга яқин бўлганим эса менга яхшидир. Эй Эгам Раббий, Сени паноҳим қилиб олдим, Сенинг ҳамма ишларингни айтиб юраман.