1 Ижрочилар раҳбарига. Кўрах наслининг саноси. “Қайғу–алам” куйига айтиладиган қўшиқ. Зерах уруғидан бўлган Хаманнинг қасидаси*
2 Эй Эгам, нажоткорим Худо, Кеча–кундуз фарёд қиламан олдингда.
3 Ибодатим Сенга етиб борсин, Қулоғингни додимга тутгин.
4 Ҳаётим кулфатга тўла, Ўзим ўликлар диёрига* яқинлашганман.
5 Мени қабрга тушганлар орасида ҳисоблайдилар, Бемажолларга ўхшаб қолганман.
6 Мурдалар орасига ташланганман, Қабрда ётган марҳумларга ўхшайман, Сен мени ўшалардай унутгансан, Улар Сенинг ҳимоянгдан маҳрумдирлар.
7 Сен ташладинг мени қабрнинг энг тубига, Энг зулмат, чуқур жойларга.
8 Ғазабинг устимдан зилдай босади, Қаҳринг тўлқинлари ила мени эзасан.
9 Яқин дўстларимдан мени айирдинг, Уларга мени жирканч қилдинг, Қамалиб қолганман, халос бўла олмайман.
10 Кўзларим нури ғамдан адойи тамом бўлди. Эй Эгам, ҳар куни Сенга илтижо қиламан, Қўлларимни Сен томон чўзаман.
11 Мўъжизаларингни марҳумларга кўрсатасанми?! Мурдалар туриб, Сенга ҳамду сано айтармикан?!
12 Сенинг содиқ севгинг қабрда эълон қилинарми?! Ҳалокат диёрида Сенинг садоқатинг ҳақида айтиларми?!
13 Зулмат диёрида мўъжизаларинг маълум бўларми?! Унутилганлар маконида одиллигинг ҳақида сўйланарми?!
14 Эй Эгам, мен Сенга фарёд қиламан, Ибодатим саҳарданоқ Сенга етиб боради.
15 Эй Эгам, нечун мени рад қиласан? Нечун мендан юз ўгирасан?
16 Ёшлигимдан буён хастаман, ўлим билан юзма–юзман, Ваҳималаринг қаршисида умидсиз қолганман.
17 Қаҳру ғазабинг мени эзиб ташлади, Ваҳималаринг мени адойи тамом қилди.
18 Қаҳр–ғазабинг кун бўйи мени тўфондай ўраб олади, Мени ҳар тарафдан қуршаб олади.
19 Яқин дўстимдан, қўшнимдан мени айирдинг, Фақат зулмат менинг шеригим бўлиб қолди.