1 Келинглар, севинч ила Эгамизни куйлайлик, Нажотимиз Қоясига шодлик ила ҳайқирайлик.
2 Шукрона айтиб, Унинг ҳузурига борайлик, Унга қўшиқлар айтиб, шодликдан ҳайқирайлик.
3 Зотан, Эгамиз улуғ Худодир, Жамики худолар устидан улуғ Шоҳдир.
4 Заминнинг энг чуқур жойлари Унинг қўлидадир, Тоғларнинг чўққилари ҳам Уникидир.
5 Уникидир Ўзи яратган денгиз ҳам, Қўли барпо қилган қуруқ ер ҳам.
6 Келинглар, таъзим қилиб, сажда этайлик, Яратган Эгамиз олдида тиз чўкайлик.
7 У Худойимиздир, биз Унинг яйловидаги халқмиз, Биз Унинг қўл остидаги қўйлармиз. Эгамиз шундай дейди: “Қанийди, бугун Менинг овозимга қулоқ солсангиз!
8 Оталарингиз каби тош юрак бўлманглар. Маривада, саҳродаги Массахда улар қилган ишни қилманглар.
9 Оталарингиз Менинг ишларимни кўрса ҳам, У ерда Мени синаб кўрдилар.
10 Қирқ йил у наслдан нафратланиб, Шундай дедим: «Бу халқ Мендан юз ўгиради, Амрларимга бўйсунишдан бош тортади.»
11 Шу боис ғазабланиб, онт ичдим: «Улар фароғат диёримга кирмайди», дедим.”