Воиз 12 bob
1 Ёшлигингда, қайғули кунлар келишидан олдин Яратганни ёдда тут, шундай йиллар келадики, сен: “Бу вақт менга ҳеч қандай роҳат келтирмайди”, — дейсан.
2 Ҳаётингнинг ўша йилларида: Қуёш, ёруғлик, ой ва юлдузлар қораяр, Ёмғирли булутлар ўтиб кетмас.
3 Сени ҳимоя қилган қўлларинг қариликдан қалтирар, Кучли оёқларинг заифлашар, Тишларинг камлигидан чайнай олмассан, Кўзларинг яхши кўрмайдиган бўлиб қолар.
4 Қулоқларинг ҳам кўчада буғдой янчилаётганинию Ашулачилар овозини эшитолмайдиган даражада кар бўлиб қолар. Қушларнинг овози эса сени уйғотиб юборар.
5 Баландликлардан қўрқадиган бўлиб қоларсан, Эҳтиёткорлик билан қадам ташларсан. Сочларинг гулга кирган бодом дарахтидай оппоқ бўлиб қолар, Туриб юришга қийналарсан, Белингнинг қуввати кетиб судралиб юрарсан. Ҳар бир инсон дунёдан ўтгандай, сен ҳам вафот этарсан, Азадорлар кўчаларни тўлдирарлар.
6 Кумуш занжир узилар, Ҳаётнинг тилла чироғи тушиб кетиб, бузилар. Булоқ бошидаги сув кўзаси синиб кетар, Қудуқнинг арқони узилиб кетар.
7 Сенинг ўткинчи тананг Ернинг тупроғига қайтар, Худо берган руҳинг ҳам Унинг Ўзига қайтар.
8 “Беҳуда! Беҳуда! — дейди Воиз. — Ҳаммаси беҳудадир!”
9 Воиз доно одам эди. У ўз билганларини одамларга ўргатди, сабр–тоқат билан ҳикматларни ўрганиб, уларни тўғрилаб ёзди.
10 Воиз маъқул келадиган сўзлар топишга ҳаракат қилиб, ҳақиқат сўзларини очиқ ёзди.
11 Доноларнинг ҳикматлари ўткир таёққа ўхшайди, ҳикматли сўзлар маҳкам қоқилган михларга ўхшайди. Буларнинг ҳаммасини барчамизнинг Чўпонимиз берган.
12 Булардан бошқа насиҳатларга эҳтиёткорлик билан қарагин, болам. Кўп китоб ёзишнинг охири йўқ, Кўп ўқиш одамни чарчатади.
13 Ҳамма нарса айтилди, мана энди хулоса: Худодан қўрқ, Унинг амрларини бажар, чунки бу ҳамманинг бурчидир.
14 Ҳар бир ишни, ҳатто яширин қилинган ишларни ҳам, яхши ёки ёмон бўлишидан қатъий назар, Худо ҳукм қилади.