Воиз 6 bob
1 Бу дунёда шундай бир фожиани кўрдим, у инсон зотини тошдай босиб туради:
2 Худо баъзиларга бойлик, мулк ва обрў беради, бу инсонлар кўнгли хоҳлаган нарсага эга бўлади. Лекин Худо уларга бу нарсалардан завқ олишга йўл бермаса, бир бегона бу нарсаларнинг роҳатини кўради. Бу беҳуда, қайғули фожиадир.
3 Инсон юзта фарзандли бўлиши ҳам мумкин, узоқ умр кўриши ҳам мумкин, лекин у қанча кўп яшаса ҳам, мана шу ҳаётнинг роҳатини кўрмаса ёки ҳурмат билан кўмилмаса, менимча, ўлик туғилган боланинг тақдири уникидан яхшироқдир
4 Бу бола беҳуда дунёга келиб, оламдан ўтади. Ҳеч ким уни билиб танимайди.
5 У қуёш юзини кўрмаган, ҳаёт нималигини билмаган. Шундай бўлса ҳам, икки минг йил яшаб ҳаётнинг роҳатини кўрмаган кишидан кўра, кўпроқ ўша бола ором олади.
6 Барибир ҳамма бир жойга боради–ку!
7 Инсоннинг барча меҳнатию интилишлари ўз қорнини тўйдириш учундир, шунда ҳам у ҳеч қачон қониқмайди.
8 Доноларнинг нодонлардан қандай устунлиги бор? Камбағаллар бу ҳаётни уддалаб яшашга ақллари етса ҳам, уларга бундан нима фойда бор?!
9 Одамнинг кўзи олдида турган нарса дилда ҳавас қилиб юрган нарсадан яхшироқдир. Доимо мол–мулким кўпайсин, деб ҳавас қилиш беҳудадир, шамолнинг орқасидан қувишдайдир.
10 Дунёда нима бўлса, ҳаммаси аллақачон белгиланган, инсоннинг тақдири ҳам маълум, ҳеч бир киши ҳаммадан кучли бўлган Худо билан баҳслаша олмайди.
11 Қанча кўп баҳслашсанг, шунча беҳудадир, сенга ҳеч қандай фойдаси йўқ.
12 Ҳаёт елдай ўтиб кетар, инсон учун нима яхшилигини ким билади?! Худо ҳаётимизни ўтиб кетадиган соядек қилиб қўйган, ким ҳам бизга келажакда нима бўлишини айтиб бера оларди?!