Воиз 8 bob
1 Ким доно кишига ўхшайди? Ким бирор нарсанинг маъносини билади? Донолик кишининг юзини яшнатади, Юз қаттиқлигини юмшатади.
2 Худога берган қасамингни бажарганингдай, шоҳнинг ҳам амрига итоат қил.
3 Унинг олдида қўрқиб туравермасдан, бориб айтганини қил. Ёмон ишларнинг тарафдори бўлма, чунки шоҳ ўзи хоҳлаган ишни қилади.
4 Шоҳнинг сўзи эътиборлидир, ҳеч ким унга: “Нима қиляпсиз?” — деб айта олмайди.
5 Фармонларга итоат қилганларга зарар етмайди. Доно киши ҳамма нарсанинг, ҳатто ҳукмнинг ҳам ўз вақти борлигинию,
6 инсоннинг қилган ёвузликлари уни тошдек босиб туришини билади.
7 Доно киши яна шуни билади: ҳеч ким келажакда нима бўлишини, қачон содир бўлишини билмайди.
8 Ҳеч кимнинг шамолни ушлашга кучи етмаганидай, ўлим кунини орқага суришга ҳам ҳеч кимнинг кучи етмайди. Жангчи ўрнига бировни қўйиб, урушдан қоча олмагандай, фосиқлар ҳам фосиқликдан қочиб қутулолмайди.
9 Бу дунёда бўлаётган ҳамма нарса ҳақида чуқур ўйлаб, буларнинг ҳаммасини кўрдим, бир киши иккинчисининг устидан зулм ўтказиб, ҳукмронлик қиладиган бир замон бу.
10 Яна шу нарсани кўрдим, фосиқ кишининг жасади муқаддас жойдан олиб чиқилди. Орқасидан оломон борарди, ўша фосиқ киши ҳурмат билан кўмилди. Солиҳларнинг жасадлари эса сочилиб ётарди. Бу ҳам беҳудадир.
11 Жиноятга тез жазо берилмагани учун инсонларнинг юраги ёвузликлар қилишга доим тайёр.
12 Гуноҳкорлар юз марта жиноят қилсалар ҳам, узоқ умр кўришлари мумкин. Ҳа, “Худодан қўрқадиганларга ундан ҳам яхшироқ бўлади, чунки улар Худодан қўрқадилар.
13 Фосиқларга эса яхши бўлмайди, ҳаётлари соядай тез ўтиб кетади, чунки улар Худодан қўрқмайдилар” деган гапни биламан.
14 Қаранглар–а, бу дунёда мана шундай бемаъни нарсалар ҳам содир бўлади, солиҳлар фосиқларга лойиқ бўлган жазони оладилар, фосиқларга эса худди солиҳлардай муносабатда бўладилар. Мен: “Бу ҳам беҳудадир”, — дедим.
15 Шунинг учун мен бу ҳаётдан роҳат олишни маслаҳат бераман. Бу дунёда одамларга ейиш, ичиш ва хурсанд бўлишдан бошқа яхшироқ нарса йўқдир. Худо инсонга берган бу дунёдаги ҳаёти давомида қиладиган меҳнатида шодлик у билан бўлади.
16 Доноликни билишга, ер юзида бўлаётган ишларни ўрганишга ўзимни бағишладим. Худонинг ҳамма ишларини кўрдим, ҳақиқатан ҳам ҳеч ким бу дунёда Худо нима қилаётганини тушунмайди.
17 Ҳатто уйқудан воз кечиб ҳам, қанча ҳаракат қилмайлик, билолмаймиз, маъносини топа олмаймиз. Донолар: “Биламиз”, деб айтади, аммо улар ҳам ҳақиқатан тушунмайдилар.