Воиз 9 bob
1 Буларнинг ҳаммасини юрагимга жойлаб, улар ҳақида яхшилаб ўйладим: солиҳлар ҳам, донолар ҳам, уларнинг ишлари ҳам Худонинг қўлида экан, ҳатто уларнинг севгиси ҳам, нафрати ҳам Худонинг қўли остида экан. Ҳеч ким келажакда нима бўлишини билмайди.
2 Ҳамманинг тақдири бир хил, солиҳнинг ҳам, фосиқнинг ҳам, яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам, ҳалолнинг ҳам, ҳаромнинг ҳам, қурбонлик қиладиганларнинг ҳам, қурбонлик қилмайдиганларнинг ҳам тақдири бирдир. Гуноҳкорларга нима бўлса, яхшиларга ҳам шундай бўлади, художўйлик билан назр қиладиганларнинг ҳам, чин кўнгилдан назр қилмайдиганларнинг ҳам қисмати бир.
3 Бу дунёда бўлаётган ҳамма ишларнинг қайғулилиги шундадир: ҳамманинг тақдири бир хил. Шунинг учун ҳамманинг юраги ғазабу аламга тўла, ҳаётликларида юраги телбалик билан тўла. Кейин эса улар бу оламдан ўтадилар.
4 Лекин ҳаёт бўлганнинг умиди бор, ахир: “Тирик ит ўлик шердан яхшироқ”, — дейишади–ку.
5 Ҳаёт бўлганлар ҳеч бўлмаса ўлишларини биладилар, марҳумлар эса ҳеч нарсани билмайдилар. Марҳумлар учун ҳеч қандай мукофот йўқ, вақти келиб ҳеч ким уларни ёдга ҳам олмайди.
6 Улар севган, нафратланган ва жон куйдирган нарсаларнинг ҳаммаси ўтиб кетган. Бундан кейин улар ҳеч қачон бу дунёда бўлаётган нарсаларга қўшила олмайдилар.
7 Марҳамат, нонингизни шодлик билан еяверинг, шаробингизни қувноқ юрак билан ичаверинг, чунки Худо шундай қилишингизни маъқул кўрган.
8 Кийимларингиз ҳар доим оппоқ бўлсин, бошингиздан хушбўй мой аримасин.
9 Бу дунёдаги сизга берилган умр давомида ўз севган хотинингиз билан тез ўтиб кетадиган бу ҳаётдан завқланинг. Ҳаётингиз ва дунёда қиладиган меҳнатларингиз давомида сизга шундай имкониятни Худо берган.
10 Нима қилсангиз ҳам бор кучингиз билан қилинг, чунки сиз бораётган жой — ўликлар диёрида ҳеч қандай иш, фаҳм–идрок, илм–маърифат ёки донолик йўқдир.
11 Мен яна бир нарсани тушундим, бу дунёда: Мусобақада ғалаба доимо тез югурганга, Жангда ғалаба доим кучлига насиб этмас экан. Мол–мулк доимо донога, Бойлик ҳам доим уддабуронга насиб этмас экан. Муваффақият доимо билимдонга келавермас экан. Ҳа, куни келиб, ҳамманинг ҳам омади кетади.
12 Кулфат қачон келишини ҳеч ким билмайди. Тўрга тушиб қолган балиқ ва тузоққа илинган қушлардай, инсонлар ҳам бошларига кулфат тушганда бирданига тутилиб қоладилар.
13 Бу дунёда мен донолик ҳақида қуйидаги берилган намунани кўрдим. Менимча бу жуда ҳам муҳим эди.
14 Кичкина бир шаҳарча бўлган экан, унда яшовчиларнинг сони ҳам кўп эмас экан. Бир қудратли шоҳ бостириб келиб, мана шу шаҳарчани қуршовга олибди. Шаҳарчани қўлга киритиш учун катта тайёргарликлар кўриб, баланд қурилмалар ясабди.
15 5 Бу шаҳарда бир киши яшар экан. Ўзи камбағал, лекин доно экан. У ўзининг донолиги билан шаҳарни қутқариб қолиши мумкин эди, лекин бу камбағал кишини ҳеч ким эсга олмади.
16 Мен ўзимга: “Донолик қудратдан яхшироқ бўлса ҳам, камбағал кишининг донолигини ҳеч ким қадрламайди, унинг сўзларига қулоқ солмайди”, дедим.
17 Шундай бўлса ҳам, Доно кишининг хотиржамлик билан айтган сўзлари нодон ҳукмдорнинг баланд овоз билан айтган сўзларидан афзалроқдир.
18 Донолик уруш қуролларидан яхшироқдир, лекин бир бефаросат кўп яхшиларни бузади.