СУЛАЙМОН ПАЙҒАМБАРНИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИҒИ
Кириш
Мазкур китоб севги ҳақидаги шеърлар тўпламидир. Бу шеърларни бир қиз билан йигит бир–бирига севги изҳор қилиб айтган ёки қўшиқ қилиб куйлаган. Китобда йигит ва қиз баъзан хаёлан гапирадилар. Баъзан эса бир–бирларига ёки дўстларига мурожаат қиладилар. Баъзи шеърларда улар севгисининг илк дамларини эслаётганга ўхшайдилар. Айрим таржималарда бу китобнинг номи ибронийчадан сўзма–сўз таржима қилинган бўлиб, “Қўшиқларнинг қўшиғи” деб аталган, бироқ бу ном “энг гўзал қўшиқ” деган маънони ифодалайди. Бу китобнинг муаллифи шоҳ Сулаймон бўлгани учун, мазкур таржимада бошқа баъзи таржималардаги сингари “Сулаймон пайғамбарнинг гўзал қўшиғи” деб аталган. Бу қўшиқларни ҳар хил тушуниш мумкин. Баъзилар, қўшиқлардаги йигит Сулаймоннинг ўзи, дейдилар. Бошқалар эса бу қўшиқни Сулаймоннинг саройида юз бераётган воқеа деб тушунадилар, яъни қиз шоҳнинг саройига келтирилган, лекин ўз қишлоғида севгилиси бор. Китобда баён этилишича, севишганлар охири топишадилар. Баъзилар бу қўшиқдаги йигит ва қизни “Худо ва Унинг халқи ёки Масиҳ ва Унинг жамоати* тасвири” деб тушунадилар. Мазкур китобда иброний шеъриятидаги турли гўзал образлар кенг қўлланилган. Мевалар, зираворлар, шароб, боғ, қўзи, эчки каби образлар шулар жумласидандир. Бу тўпламдаги қўшиқлар қадимги Исроилда тўйларда ҳам айтилган бўлиши мумкин.