ИШАЁ ПАЙҒАМБАРНИНГ КИТОБИ
Кириш
Ишаё пайғамбар тахминан қирқ йил давомида фаолият кўрсатган. Мана шу даврда Яҳудо шоҳларидан тўрттаси бирин–кетин ҳукмронлик қилган эди (1:1 га ва ўша оятнинг иккинчи изоҳига қаранг). Ишаё Қуддусда яшаб, Худонинг каломини Яҳудога, яъни жанубий шоҳликка етказганди. У яшаган даврда Исроил, яъни шимолий шоҳлик қулади, аҳолиси эса Оссурияга асирликка олиб кетилди. Хўшея ва Михо пайғамбарлар Ишаё пайғамбарнинг замондошлари эди. Мазкур китобни уч қисмга бўлиш мумкин. Китобнинг биринчи қисмида (1-35–боблар) Ишаё пайғамбар Яҳудо халқининг гуноҳларини фош қилади. Юртдаги бузғунчилик ва ҳукм сурган адолатсизликларни тилга олади. Яҳудо халқининг гуноҳлари Худонинг ғазабини келтиради. Китобнинг бу қисмида муаллиф Худонинг муқаддаслигига алоҳида урғу беради, Уни бутун олам Шоҳи, чексиз қудрат Соҳиби сифатида тасвирлайди. Китобнинг иккинчи қисмида (36-39–боблар) тарихда юз берган ҳодисалар, чунончи, Оссуриянинг Яҳудо юртига бостириб келгани ва Қуддусни қамал қилгани ҳақида баён қилинади. Ўшанда Оссурия муваффақиятга эришмаган эди. Лекин Ишаё пайғамбар халқни огоҳлантириб, Бобил шоҳлигининг кучайиши ва келажакда Яҳудо юртини босиб олиши ҳақида башорат қилади. Китобнинг учинчи қисми (40-66–боблар) узоқ келажакка оид башоратлардан иборат бўлиб, халққа умид бағишлайди. Бобил шоҳлиги Яҳудо юртини вайрон қилиб, халқини асирликка олиб кетгандан кейин, Худо Ўзи белгилаган вақтда уларни ўз юртига қайтариб олиб келади. Уларни юпатиб, рўшноликка олиб чиқади. Мазкур бобларнинг моҳияти шундан иборатки, Худо дунёда юз бераётган ҳодисаларни бошқаради, У нафақат Ўз халқига, балки бошқа миллатларга ҳам яхшиликни раво кўради. Худо дунёдаги барча халқларга Яҳудо халқи туфайли барака улашади.