Ишаё 60 bob
1 Эй Қуддус халқи, тур, порлагин! Ахир, нуринг келди, Эгамизнинг улуғворлиги устингга ёғилди.
2 Мана, ер юзини зулмат қоплади, Халқларни қуюқ зулмат босди. Аммо Эгамиз сенинг олдингга келади, Ўз улуғворлигини бошинг узра порлатади.
3 Халқлар сенинг нурингга келади, Тонгги ёруғлигингга шоҳлар келади.
4 Бошингни кўтариб, атрофингга боқ! Ҳаммаси тўпланиб, сенга келмоқда. Ўғилларингни узоқлардан олиб келадилар, Қизларингни чақалоқлардай қўлларда кўтариб келадилар.
5 Ўшанда шуларни кўриб, нур сочасан, Юрагинг ҳаприқиб, қинидан чиққудай бўлади. Зотан, денгиз орқали келадиган бойликлар сенга насиб этади, Халқларнинг бойлиги сенга келади.
6 Юртинг туя сурувларига тўлиб кетади, Мидиён, Эфахнинг бўталоқлари билан тўлади. Уларнинг ҳаммаси Шава юртидан келади, Олтину тутатқилар олиб келади. Улар Эгамизга мадҳлар айтади.
7 Кедарнинг ҳамма қўй сурувлари сенга келади, Наваётнинг қўчқорлари сенга хизмат қилади. Эгамизнинг қурбонгоҳида Улар қурбонлик деб қабул қилинади. Эгамиз Ўз уйини янада улуғвор қилади.
8 Булутлар каби, учаётган нима у? Инларига учаётган каптарларга ўхшаш нима у?
9 Шубҳасиз, денгиз ортидаги юртлар Эгамизга мунтазир бўлади. Исроил халқининг Муқаддас Худоси — Эгангиз Худонинг шарафига Таршиш кемалари бошчилигида Болаларингизни узоқдан олиб келишади, Олтину кумушлари билан бирга олиб келишади. Зотан, Эгамиз сени улуғворлик билан қоплаган.
10 Эгамиз Қуддусга шундай дейди: “Бегоналар деворларингни тузатади, Шоҳлари сенга хизмат қилади. Ғазабланганимда сенга жазо берган бўлсам ҳам, Энди марҳамат қилиб, сенга шафқат қиламан.
11 Дарвозаларинг доимо очиқ бўлади, Улар кечаю кундуз ёпилмайди. Шунда халқлар сенга бойликларини олиб келади, Уларни ўз шоҳлари бошлаб келади.
12 Сенга хизмат қилмаган элату шоҳлик йўқ бўлади, Ҳа, у халқлар батамом нобуд бўлади.
13 Лубноннинг фахрланган дарахтлари Сенга олиб келинади. Сарв, чинор, садр ёғочлари Муқаддас масканимни безатиш учун келтирилади. Оёғим турган шу жойга Мен шуҳрат келтираман.
14 Сенга зулм қилганларнинг ўғиллари келиб, Сенга таъзим қиладилар. Сендан нафратланганларнинг ҳаммаси Оёқларингга йиқилади. Улар сени «Эгамизнинг шаҳри, Исроил халқининг Муқаддас Худосининг шаҳри — Сион» деб аташади.
15 Илгари сен ташлаб кетилган, Ҳамма нафрат этган, Бирор кимса ўтмайдиган жой эдинг. Энди Мен сени абадий улуғвор қиламан, Жамики наслларнинг шодлиги қиламан.
16 Элатлар, шоҳлар сени она каби эмизадилар, Ўшанда Мен, Эганг, сенинг нажоткоринг эканлигимни билиб оласан, Ёқуб наслининг қудратли Худоси — Қутқарувчинг Мен эканлигимни англайсан.
17 Сенга бронза ўрнига олтин, Темир ўрнига кумуш, Ёғоч ўрнига бронза, Тош ўрнига темир келтираман. Тинчлик сенинг ҳакаминг, Солиҳлик ҳукмдоринг бўлади.
18 Юртингда энди зўравонлик товуши эшитилмайди, Чегаранг ичида вайронагарчилик, ҳалокат бўлмайди. Деворларингга, Нажот деб ном қўясан, Дарвозаларингга, Шараф дея ном берасан.
19 Энди кундузи қуёш сенга нур сочмайди, Ой ҳам ёруғлик манбаинг бўлмайди. Сенга Менинг Ўзим то абад нур манбаи бўламан, Мен, Худойинг, сенинг улуғворлигинг бўламан.
20 Қуёшинг ҳеч қачон ботмайди, Ойинг энди бошқа яширинмайди, Чунки Мен сенинг қуёшу ойинг бўламан. Ҳа, Мен сенинг то абад нуринг бўламан, Қайғули кунларинг тамом бўлади.
21 Халқингнинг ҳаммаси солиҳ бўлади, Улар юртни то абад мулк қилиб олади. Ўзим ўтқазган ниҳолдир улар, Менга шуҳрат келтирсин деб, яратган Қўлларимнинг ижоди улар.
22 Энг кичик одамингдан мингта одам чиқади, Энг заиф одамингдан кучли халқ пайдо бўлади. Мен, Эганг, буни ўз вақтида тез бажо келтираман.”