Ишаё 63 bob
1 Эдомдан келаётган ким? Қизил либос кийиб, Бозрах шаҳридан келаётган ким? Кўзни қамаштирувчи кийимлар кийиб, Катта куч билан қадам босган ким? Эгамиз шундай деди: “Бу Мен, Эгангизман! Қутқариш кучига эгаман. Ғалабани эълон қилишга келмоқдаман.”
2 Эй Эгам, нечун кийимларинг қип–қизил? Нима учун чуқурда узум эзган одамга ўхшайсан? Эгамиз жавоб берди:
3 “Узум сиқиш чуқурида Ўзим ишладим, Ёнимда халқлардан биронтаси йўқ эди. Ғазаб билан душманларни эздим, Қаҳр билан уларни оёқ ости қилдим. Уларнинг қони кийимларимга сачради, Бутун уст–бошимни ифлос қилди.
4 Ҳа, Мен қасос кунини тайинлаб қўйган эдим, Халқимни қутқарадиган кун етиб келди.
5 Қарадим, ёрдам берадиган бирор одам йўқ эди, Қўллаб–қувватлайдиган ҳеч кимса йўқлигидан ҳайратда қолдим. Шунда Ўзимнинг қўлим ёрдамга келди, Ўз ғазабим Менга мадад бўлди.
6 Ғазаб билан халқларни тепкиладим, Жаҳл билан уларни эзиб ташладим. Уларнинг қонини ерга тўкдим.”
7 Эгамизнинг содиқ севгиси ҳақида айтаман, Қилган ишлари учун Эгамизга ҳамдлар айтаман. Ўзининг меҳр–шафқати, буюк севгиси билан Исроил халқига қилган буюк эзгуликлари ҳақида айтаман.
8 Эгамиз шундай деди: “Ҳа, Исроил халқи Менинг халқимдир, Хиёнат қилмайдиган фарзандлардир.” Шундай қилиб, Худо уларнинг нажоткори бўлди.
9 Улар қийналганларида, У ҳам азоб чекди, Эгамизнинг фариштаси уларни қутқарди. Севгиси, шафқати туфайли Унинг Ўзи уларни қутқарди. Эгамиз уларни кўтариб, азалдан опичлаб юрарди.
10 Аммо улар исён қилдилар, Эгамизнинг Муқаддас Руҳини ранжитдилар. Шунинг учун Эгамиз уларнинг душмани бўлди. Эгамизнинг Ўзи уларга қарши курашди.
11 Шунда халқ ўтган кунларни, Мусонинг даврини эслаб, шундай деди: “Ота–боболаримизни ва уларнинг чўпонларини денгиздан ўтказган қани? Ўз Муқаддас Руҳини уларнинг орасига юборган қани?
12 Ажойиб қудратли қўли билан Мусонинг ўнг қўлидан тутган қани? Ўзининг номини шарафлай деб, Уларнинг олдидаги сувни иккига бўлган қани?”
13 Эгамиз уларни денгиз тубидан олиб ўтди. Текис жойда юрган отдай Улар ҳеч қоқилмасдан ўтди.
14 Водийга ёйилган подага ўхшатиб, Эгамизнинг Руҳи уларга ором берди. Ўзининг буюк номи улуғлансин дея, Эгамиз Ўз халқига йўл кўрсатди.
15 Эй Эгамиз, осмондан қара, Муқаддас, улуғворликка тўла Масканингдан боқ! Қани энди ғайратинг, қудратинг? Сен меҳрибонлигингни, шафқатингни Биздан дариғ тутдинг.
16 Ахир, Сен бизнинг отамизсан, эй Эгамиз! Иброҳим бизни билмайди, Ёқуб бизни танимайди. Сен бизнинг отамизсан! Азалдан номинг — “Қутқарувчимиз.”
17 Эй Эгамиз, нега бизни йўлингдан адаштирасан? Нега бизга Сендан қўрқмайдиган тош юрак бергансан? Биз Сенинг қулларингмиз. Бизнинг ҳақи–ҳурматимиз, Ўзингнинг азиз халқинг ҳақи–ҳурмати Бизга юз бургин!
18 Сенинг муқаддас масканингга Биз, азиз халқинг, фақат оз вақт эгалик қилдик. Энди эса душманларимиз У ерни оёқ ости қилиб ташлади.
19 Сенга тегишли бўлмаган халққа, Сен устидан ҳукмрон бўлмаган элга Биз аллақачон ўхшаб қолдик.