Еремиё 10 bob
1 Эй Исроил халқи, Эгамиз сизларга айтаётган сўзларга қулоқ солинг.
2 Эгамиз шундай демоқда: “Бошқа халқларга тақлид қилманглар, Бошқа халқлар сингари, Осмондаги аломатлардан қўрқманглар.
3 Халқларнинг удумлари беҳуда! Улар ўрмондан дарахт кесади, Ҳунарманд болтаси билан унга шакл бериб,
4 Кумушу олтин билан безатади. Йиқилиб кетмасин дея, мих билан маҳкамлайди,
5 Бутлари полиздаги қўриқчиларга ўхшайди. Улар гапира олмайди. Уларни кўтариб юриш керак бўлади, Ўзлари юра олмайди. Улардан қўрқманглар, Уларнинг қўлидан ҳеч қандай ёмонлик келмайди, Яхшилик ҳам қила олмайди.”
6 Эй Эгамиз, Сенга ўхшаши йўқ! Сен буюкдирсан, Сенинг номинг улуғ ва қудратлидир.
7 Эй элларнинг Шоҳи, Сендан қўрқмайдиган бирор зот борми?! Сен бунга лойиқдирсан. Халқларнинг донишмандлари орасида, Уларнинг шоҳлари орасида Сенга ўхшаши йўқ.
8 Донишмандларию шоҳлари аҳмоқ ва бефаросат. Улар бетайин ёғоч бутларидан маслаҳат олишади.
9 Бутларини ясаш учун кумушни Таршишдан, Олтинни Уфаздан келтиришади. Бутларни ҳунарманду заргарлар ясаган. Кўк ва сафсар либослар билан безаган, Ҳаммаси — моҳир усталарнинг ишидир.
10 Аммо Эгамиз ҳақ Худодир. У барҳаёт Худо ва абадий Шоҳдир. Ғазабланганда ер силкинади, Унинг қаҳрига халқлар дош бера олмайди.
11 Эгамиз шундай деди: “Бошқа халқларга айт: «Бу худолар еру осмонни яратмаган. Улар ер юзидан ва осмон остидан йўқ бўлиб кетади.»”
12 Эгамиз қудрати ила ерни яратди, Донолиги ила дунёни бунёд этди, Идроки ила осмон гумбазини ўрнатди.
13 Унинг овозидан осмондаги сувлар гулдурайди, У дунёнинг тўрт бурчидан булутларни олиб келади. Ёмғир ёғдирганда чақмоқ чақтиради, Омборларидаги шамоллардан эстиради.
14 Унинг олдида ҳамма одамлар аҳмоқ ва нодондир. Заргарлар ясаган бутлари туфайли шарманда бўлишади. Ясаган санамлари сохтадир, уларнинг жони йўқ.
15 Бу бетайин бутлар алдамчидир. Уларни жазолаганим заҳоти йўқ бўлишади.
16 Ёқубнинг Худоси эса ундай эмас. Бутун борлиқни У яратган, Исроил қабиласини Ўзига мулк қилган. Унинг номи Сарвари Оламдир.
17 Эй қуршовда яшаётганлар! Бор–будингизни йиғиштириб олинг.
18 Зеро, Эгамиз шундай демоқда: “Мен сизларни Исроил юртидан улоқтириб ташлайман, Бошингизга кулфат ёғдираман, Токи сизлар буни сезинглар.”
19 Шўрим қурсин! Шунчалик азобларга қолдим! Оғир яраланган эканман. Аммо ўзимга ўзим: “Бошимда шу дард бор экан, Унга чидашим керак”, дедим.
20 Чодирим йиқитилган, иплари узиб ташланган. Фарзандларим кетди, улар йўқ бўлди. Энди чодиримни ким тикади?! Чодиримнинг пардаларини ким осади?!
21 Ахир, чўпонлар аҳмоқ, Улар Эгамиздан маслаҳат олмадилар. Шунинг учун ҳам ишлари ўнгидан келмади, Қўйлари ҳар ёққа тарқалиб кетди.
22 Эшитинглар! Бир хабар келмоқда! Ана, шимолдан шовқин–сурон кўтарилмоқда! Лашкарлар Яҳудо шаҳарларини хароб қилар эмиш, Чиябўрилар яшайдиган маконга айлантирар эмиш.
23 Эй Эгам, биламан, Одам зоти ўз тақдирини ўзи белгилай олмайди, Ўз қадами ўзининг ихтиёрида эмас.
24 Эй Эгам, мени жаҳл устида жазоламагин. Адолатинг ила ҳақ йўлга солгин, Акс ҳолда, мени йўқ қилиб юборасан.
25 Сени тан олмайдиган халқлар устига қаҳрингни соч, Сенга сажда қилмайдиган эллар устига соч, Ахир, улар Ёқуб наслининг бошини едилар. Ҳаммасини ҳалок этиб, йўқ қилдилар, Юртини харобазорга айлантирдилар.