Еремиё 33 bob
1 Еремиё соқчилар ҳовлисида қамоқда ўтирганда, Эгамиз унга иккинчи марта Ўз сўзини аён қилди:
2 “Эй Еремиё, Мен Эгангман, оламни яратган, ерга шакл бериб, уни ўрнатган Худойингман.
3 Менга илтижо қил, сенга жавоб бераман. Сен ҳали билмайдиган буюк сирларни сенга айтаман.
4 Шундай экан, Қуддус аҳлига айт: «Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай демоқда: сизлар душманнинг қамал иншоотларидан ва унинг қиличидан сақланмоқчи бўлиб, шаҳрингиз деворларини мустаҳкам қилдингиз. Бунинг учун уйларингизни, ҳатто Яҳудо шоҳларининг саройларини буздингизлар.
5 Сизлар Бобилликлар билан жанг қиласизлар. Улар эса вайрона уйларингизни жасадларга тўлдирадилар. Мен қаҳр–ғазабга тўлиб, халқимни қираман! Халқимнинг қабиҳликлари туфайли бу шаҳардан юз ўгирдим.
6 Шунга қарамай, бу шаҳарга яна шифо бераман, уни соғайтираман. Аҳолисини соғ–саломат қилиб, чексиз тинчлик ва осойишталикдан баҳраманд этаман.
7 Мен Яҳудо ва Исроил халқларини яна фаровонликка эриштираман, аввалгидай қайта бунёд этаман.
8 Менга қарши қилган барча гуноҳларидан уларни поклайман, бош кўтариб қилган гуноҳларини кечираман.
9 Ер юзидаги ҳамма халқлар олдида Қуддус Менга шуҳрат, қувонч ва шон–шараф келтиради. Қуддусга қилган яхшилигимни, унинг равнақини кўрган барча элларни қўрқув ва титроқ босади.»”
10 Эгамиз шундай демоқда: “Сизлар, бу ҳувиллаган шаҳарда на одам, на ҳайвон бор, деб айтасизлар. Айтганингиз бежиз эмас. Яҳудо шаҳарлари билан Қуддус кўчалари ҳувиллаб қолган, у ерда на одам, на ҳайвон бор. Бироқ у ерда сиз яна бир бор
11 қувончу шодлик садоларини, келин–куёв овозларини эшитасиз. Одамлар Эгасининг уйига яна шукрона назрларини келтирадилар, шундай деб яна куйлайдилар: «Шукрона айтинг Сарвари Оламга, У яхшидир! Унинг содиқ севгиси абадийдир!» Мен бу юртни илгариги фаровонлигига эриштираман.” Эгамизнинг каломи шудир.
12 Сарвари Олам шундай демоқда: “Одам ва ҳайвонсиз ҳувиллаб қолган бу жойда, юртнинг ҳамма шаҳарларида яна яйловлар бўлади, чўпонлар у ерда қўйларини ўтлатишади.
13 Қирлардаги шаҳарларда, ғарбий қир этакларидаги, Нагав чўлидаги ва Бенямин ҳудудидаги шаҳарларда, Қуддус атрофида, Яҳудо шаҳарларида чўпонлар яна қўйларини санайдиган бўлади.” Эгамизнинг каломи шудир.
14 Эгамиз шундай демоқда: “Мен Исроил ва Яҳудо халқларига берган эзгу ваъдамни бажараман. Ваъдамни бажарадиган кунлар яқинлашиб келяпти.
15 Ўша кунларда Мен Довуд наслидан солиҳ бир новдани етиштираман. Юртда у адолату тўғрилик ила иш тутади.
16 Ўша кунларда Яҳудо халқи бехатар яшайди, Қуддус аҳолиси осойишта ҳаёт кечиради. Қуддус шаҳри «Эгамиз нажоткоримиздир» деб ном олади.”
17 Эгамиз шундай демоқда: “Довуднинг насли Исроил тахтида абадий ўтиради.
18 Леви авлодидан бўлган руҳонийлар эса ҳузуримда қурбонликлар куйдириб, дон назрларини келтирадилар, улар абадулабад Менга қурбонликлар қиладилар.”
19 Эгамизнинг сўзи Еремиёга аён бўлди.
20 Эгамиз шундай деди: “Борди–ю, биронтангиз тун ва кун билан тузган амримни бузишга қодир бўлсангиз, уларнинг тартибини ўзгартира олсангиз,
21 шундагина Мен ҳам Довуд ва Менга хизмат қилаётган Леви авлоди билан тузган аҳдимни бузаман, Довуд сулоласини тахтдан тушираман.
22 Мен қулим Довуд наслини ва Менга хизмат қилаётган Леви авлодини осмондаги юлдузлардай, денгиздаги қумдай сон–саноқсиз қиламан.”
23 Еремиёга Эгамизнинг ушбу сўзи аён бўлди:
24 “Бу одамларнинг гапини эшитдингми? Улар, Эгамиз Ўзи танлаган иккита халқни — Исроил ва Яҳудони рад этди, деб айтиб юришибди. Бу одамлар халқимдан шунчалик ҳазар қилишадики, уни энди халқ деб тан олишдан ор қилишяпти.”
25 Эгамиз шундай демоқда: “Мен кун ва тунга берган амримни, осмону фалак учун ўрнатган қонун–қоидаларимни ҳеч қачон ўзгартирмайман.
26 Шу сингари, Ёқуб авлодини ва қулим Довуд сулоласини рад этмайман. Мен доимо Довуд наслидан шоҳ танлайман. Уни Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб авлодининг устидан ҳукмрон қилиб қўяман. Мен халқимни яна фаровонликка эриштираман, уларга раҳм–шафқат кўрсатаман.”