Еремиё 47 bob
1 Фиръавн Ғазо шаҳрига ҳужум қилишидан олдин, Филист халқи ҳақида Эгамизнинг шу сўзлари Еремиёга аён бўлди:
2 Эгамиз айтмоқда: “Қаранг, шимолда душманлар тўпланмоқда, Улар тўлқинлар каби, пишқириб келмоқда. Жўшқин дарё каби, тошиб ҳовлиқмоқда. Улар тўфондай бутун юртни босиб кетади, У ердаги ҳаммани — Шаҳарлар ва одамларни чўктиради. Халқ доду фарёд қилади, Юрт аҳолиси фиғон чекади.
3 От туёқлари дупур–дупур уради, Аравалар тарақ–туруқ қилади, Ғилдираклар гурсиллайди. Эркаклар ичидан зил кетадилар. Ҳатто болаларини қутқаргани ҳам Улар орқага қайтмайдилар.”
4 Ҳа, ўша кун келади, Филист халқи қириб ташланади! Омон қолган иттифоқчилари йўқ қилинади. Тир ва Сидон* шаҳарларига ёрдам келмайди, Хафтўр соҳилларидан келган Филистларни Эгамизнинг Ўзи йўқ қилади.
5 Ғазо аҳолиси қайғудан сочларини қирдиради, Ашқалон одамларининг дами ичига тушиб кетади. Эй Филист забардастларининг омон қолганлари! Қачонгача ғам чекиб, баданингизни тиласиз?!
6 Филист халқи шундай деб ёлворади: “Шўримиз қурсин! Эй Эгамизнинг қиличи! Қачон тиниб–тинчийсан сен?! Бўлди етар, тинчлана қол! Қинингга кир, дамингни ол!”
7 Эвоҳ, Эгамизнинг Ўзи амр этган бўлса, Қандай дам олсин у қилич?! “Ашқалон шаҳрига ва соҳилга ҳужум қил” деган бўлса, Қандай тинчлансин у қилич?!