ҲИЗҚИЁЛ ПАЙҒАМБАРНИНГ КИТОБИ
Кириш
Ҳизқиёл руҳоний эди, Еремиё ва Дониёр пайғамбарлар унинг замондошлари бўлган. У Бобилга асир қилиб олиб кетилди ва ўша ерда сургунда бўлган Яҳудо халқи орасида яшади. У Худо томонидан пайғамбар қилиб тайинланди. У нафақат Бобилга сургун қилинган Яҳудо халқига, балки Қуддусда қолган одамларга ҳам Худонинг сўзини ваъз қилди. Ҳизқиёл ўз фаолиятини милоддан олдинги 593 йилларда бошлаб, милоддан олдинги 571 йилларда тугатди. Бу давр Яҳудо шоҳлигининг охирги йилларидан тортиб, то милоддан олдинги 586 йилда Қуддус қулагандан кейинги даврни қамраб олади. Ҳизқиёл Қуддус қулашидан олдин ҳам, ундан кейин ҳам ваъз қилган. Шунинг учун унинг баъзи ваъзлари Худонинг даҳшатли ҳукмидан хабар беради, бошқа ваъзлари эса халққа умид бағишлайди. Мазкур китобни бешта асосий қисмга бўлиш мумкин. Биринчи қисмда (1-3–боблар) Ҳизқиёлга ваҳийда аён бўлган Худонинг улуғворлиги тасвирланади, шунингдек, Худо Ҳизқиёлни пайғамбар қилиб тайинлагани баён этилади. Иккинчи қисм (4-24–боблар) ўз ичига бир нечта хабарни олади. Бу хабарларда Яҳудо халқига бериладиган жазолар ҳақида айтилади, чунки халқ Худодан юз ўгирган эди. Ҳизқиёл бу хабарларнинг аксарият қисмини икир–чикиригача тасвирлаб, ўз ҳаракатлари билан кўрсатиб беради. Яҳудо халқи Худонинг танланган халқи бўлгани ва Маъбад Қуддусда жойлашгани боис, халқ муқаддас бўлиши ва ўзини пок сақлаши шарт эди. Яҳудо халқи Худодан юз ўгирганда, Худо Маъбадини тарк этиб, халқини жазоларди. Китобнинг учинчи қисмида (25-32–боблар) Худо Яҳудо юртининг ён–атрофидаги халқларни жазолаши тўғрисида ёзилган. Китобнинг тўртинчи қисми (33-39–боблар) Қуддус қулагандан кейинги даврни ўз ичига олади. Бу парчадаги сўзлар умид бахш этади. Бу парчада Худо Ўз халқини кечириши, сўнг уларни Яҳудо ва Қуддусга қайтариб олиб келиши тўғрисида сўз юритилади. Ниҳоят, бешинчи қисмда (40-48–боблар) Қуддусдаги янги Маъбад тўғрисида Ҳизқиёл кўрган ваҳий ҳақида ёзилган. Бу қисмда Худога сажда қилиш қоидалари кўрсатилган. Шунингдек, келажакда юрт Исроилнинг ўн икки қабиласи орасида қай тарзда бўлиниши кераклиги ҳақида батафсил айтиб ўтилган. Мазкур китобдаги қуриган суяклар тўғрисида Ҳизқиёл кўрган ваҳий жуда кенг танилган. Бу ваҳийда Худонинг Руҳи суякларга жон ато этиб, уларни тирилтиради (37:1-14 га қаранг). Худо доим Ўз аҳдига содиқ қолади. У Ўз халқини гуноҳлардан поклайди, уларни тиклайди, халқни юксалтиради, муқаддас шаҳар Қуддусда Ўз улуғворлигини порлатади.