Ҳизқиё 45 bob
1 Эгамиз деди: “Исроил қабилаларига ерни бўлиб бераётганингизда, Мен, Эгангизга тегишли қисмини ҳам ажратиб қўйинглар. Менга ажратилган ҳудуднинг узунлиги 25.000 тирсак, эни 20.000 тирсак бўлсин. Бутун ҳудуд табаррук ҳисоблансин.
2 Ҳудуднинг 500 тирсакка 500 тирсак бўлган тўртбурчак ери Маъбад учун ажратилади. Унинг атрофи 50 тирсак масофада очиқ жой бўлади.
3 Табаррук ҳудуднинг ярми муқаддас масканда Менга хизмат қилган руҳонийларга қарашли бўлади.
4 Узунлиги 25.000 тирсак, эни 10.000 тирсак бўлган ҳудуднинг бу қисмида руҳонийларнинг уйлари ва Маъбад жойлашади. Бу энг муқаддас жой бўлади.
5 Табаррук ҳудуднинг иккинчи ярми Маъбаддаги юмушларни бажараётган левиларга қарашли бўлади. Улар яшайдиган шаҳарлар шу ерда жойлашади.
6 Табаррук ҳудуднинг ёнига узунлиги 25.000 тирсак, эни 5000 тирсак бўлган ерни қўшинглар. Бу ерда шаҳар жойлашади. Исроил халқидан бўлган ҳар қандай одам келиб, бу шаҳарда яшаса бўлади.
7 Тахтда ўтирган ҳукмдорга алоҳида ер берилсин. Унга бериладиган ернинг бир қисми табаррук ҳудуднинг ғарбий чегарасидан Ўрта ер денгизигача чўзилсин. Иккинчи қисми табаррук ҳудуднинг шарқий чегарасидан Иордан дарёсигача чўзилсин. Демак, ҳукмдорга қарашли ернинг узунлиги Исроил қабилаларига ажратилган ернинг узунлиги билан бир хил бўлади.
8 Бу ҳукмдорнинг улушидир. Бундан буён ҳукмдорлар халқимга зулм ўтказмайдилар, Исроил қабилалари ўз ерларига ўзлари эгалик қиладилар.
9 Исроил ҳукмдорларига айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: зўравонлигу зулмингизни бас қилинг! Адолату тўғрилик ила иш тутинг. Халқимни ўз еридан маҳрум қилманг, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.
10 — Доим тўғри ўлчовни ва тўғри тарозини ишлатинг:
11 сочилувчан қуруқ нарсаларни ўлчаш учун эфа ўлчов бирлигидан фойдаланинг, суюқ нарсаларни ўлчаш учун бат ўлчов бирлигидан фойдаланинг. Эфа ва батнинг ҳажми бир хил бўлсин. Эфа ҳам, бат ҳам ҳўмрнинг ўндан бир қисмини сиғдирсин.
12 Оғирлик бирлиги сифатида шақални ишлатинг. Бир шақал 20 герага, бир мина 60 шақалга тўғри келсин.»
13 Ҳукмдорга қуйидаги миқдорда солиқ тўлансин: Буғдой ҳосилининг олтмишдан бир қисми. Арпа ҳосилининг олтмишдан бир қисми.
14 Зайтун мойининг бир фоизи. (Зайтун мойини ўлчаш учун бат ўлчов бирлигидан фойдаланинг. Ўн бат бир корга, яъни бир ҳўмрга тўғри келади.)
15 Сурувдаги икки юзта қўйдан бири. Булар дон назри, куйдириладиган ва тинчлик қурбонликлари сифатида халқни гуноҳларидан поклаш учун келтирилади, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий.
16 — Бутун Исроил халқи бу назрларни ҳукмдорга бериши лозим.
17 Ҳукмдор янги ой шодиёнасида, Шаббат ва бошқа байрамларда келтириладиган қурбонликлару назрлар учун ҳайвонларни, дон ва шаробни таъминлаб бериши шарт. Исроил халқини гуноҳларидан поклаш учун келтириладиган гуноҳ, тинчлик ва куйдириладиган қурбонликлар ҳамда дон назри учун ҳукмдор масъулдир.”
18 Эгамиз Раббий менга деди: “Биринчи ойнинг биринчи кунида Маъбадни поклаш учун нуқсонсиз бир буқани қурбонлик қил.
19 Руҳоний бу гуноҳ қурбонлигининг қонидан олиб, Маъбад эшикларининг кесакисига, қурбонгоҳнинг тўрт бурчагига ва ички ҳовли дарвозаларининг ёндорларига суртсин.
20 Биринчи ойнинг еттинчи куни ҳам худди шундай қилсин ва шу йўл билан халқнинг билмай қилган гуноҳларини ювсин. Шунда Маъбад пок бўлади.”
21 Сўнг Эгамиз деди: “Биринчи ойнинг ўн тўртинчи кунидан бошлаб, Фисиҳ зиёфатини ва етти кун давомида Хамиртурушсиз нон байрамини нишонланглар. Ўша вақт давомида хамиртурушсиз нон енглар.
22 Байрамнинг биринчи кунида ҳукмдор ўзининг ва бутун халқнинг гуноҳлари учун бир буқани гуноҳ қурбонлиги қилиб, олиб келсин.
23 У байрамнинг етти куни давомида Менга куйдириладиган қурбонлик учун ҳар куни еттитадан буқа ва еттитадан нуқсонсиз қўчқор етказиб берсин. Бундан ташқари, ҳар куни гуноҳ қурбонлиги учун биттадан така берсин.
24 Қурбонлик қилинадиган ҳар бир буқа ва ҳар бир қўчқор билан бирга бир тоғора дон ва саккиз коса зайтун мойини берсин.
25 Еттинчи ойнинг ўн бешинчи кунида бошланадиган Чайла байрами учун ҳам, етти кун давомида келтириладиган гуноҳ қурбонликлари, куйдириладиган қурбонликлар, дон ва зайтун назрларини етказиб турсин.”