Йўэл 1 bob
1 Патувал ўғли Йўэлга Эгамиз шу сўзларни аён қилди:
2 Эй оқсоқоллар, буни эшитинг! Яҳудо одамлари, сиз қулоқ тутинг! Юз берганми ҳеч бундай фалокат Сизнинг ёки ота–боболарингиз замонида?!
3 Бу ҳақда фарзандларингизга айтинг сиз, Болаларига сўзлаб берсин фарзандларингиз, Кейинги авлодга етказсин набираларингиз.
4 Қирғин келтирувчи чигирткадан қолганини Еб битирди кемирувчи чигиртка галаси. Кемирувчи чигиртка галасидан қолганини Еб битирди сакрайдиган чигиртка галаси. Сакрайдиган чигирткадан қолганини Еб битирди қиртишловчи чигиртка галаси.
5 Уйғонинглар, эй майхўрлар, йиғланглар! Эй шаробхўрлар, фарёд қилинглар! Шароб оғзингиздан тортиб олинди, ахир.
6 Бостириб келди юртимизга лашкарлар, Сон–саноқсиз кучли баҳодирлар. Арслон тишига ўхшар тишлари, Гўё урғочи арслонники қозиқ тишлари.
7 Узумзорларимизни улар пайҳон қилишди, Анжир дарахтларимизни синдиришди, Шохларию новдалар пўстлоғини шилиб, Ҳаммасини шип–шийдам қилишди.
8 Қанорга ўранинг, эй одамлар, фарёд қилинг, Куёвидан жудо бўлган келинчак каби.
9 Эгамиз уйидан узилган шароб, дон назри, Аза тутаётир Эгамизнинг хизматкор руҳонийлари.
10 Хароб бўлди экинзорлар, Мотам тутаётир далалар. Буғдой бошоқлари қовжираб қолди, Узум шарбати ҳам оқмай тўхтади, Зайтун мойи ҳам тамом қуриди.
11 Қайғурмайсизларми, эй деҳқонлар?! Фарёд солмайсизларми, эй боғбонлар?! Нобуд бўлиб кетди–ку арпа, буғдойингиз, Хароб бўлиб кетди–ку жамики ҳосилингиз.
12 Узум токи сўлиди, анжир дарахти қуриди. Хазон бўлди анор, хурмо, олма — ҳамма дарахтлар. Инсон севинчи тамом қуриб битди!
13 Қанорга ўраниб мотам тутинг, эй руҳонийлар! Фарёд қилинг қурбонгоҳда хизмат қиладиганлар! Тунни ҳам қанорда ўтказинг сизлар, Эй Худойимнинг хизматида юрганлар! Худойингиз уйида назр қилгани Дон ва шароб қолмади, ахир.
14 Рўза кунларини белгиланглар, Ўша кунларга йиғин эълон қилинглар. Йиғиб келинглар оқсоқолларни, Юртнинг жамики аҳолисини. Эгангиз Худонинг уйига йиғинглар, Эгамизга илтижо қилиб ёлворинглар!
15 Шўримиз қурсин, эвоҳ! Эгамизнинг кунига оз қолди, Қодир Худо кулфат келтиради!
16 Ризқ–рўзимиз кўз ўнгимизда қирқилди–ку! Худойимиз уйида шод–хуррамлик тугади–ку!
17 Кесаклар тагида уруғлар нобуд бўлди, Донли экинлар унмасдан қолди. Омборхоналар бўм–бўш ётибди, Дон омборлари хароб бўлибди.
18 Инграмоқда ҳайвонлар нақадар! Ахир, қуриган–ку ўтлоқлар. Дайдиб юрар мол подалари, Гангиган ҳатто қўй сурувлари.
19 Эй Эгам, Сенга мен фарёд қиларман! Ахир, олов ямлади даштдаги яйловларни, Ёнғин йўқ қилди даладаги дарахтларни.
20 Ҳатто ёввойи ҳайвонлар ҳам Сенга нола қилмоқда! Ахир, ирмоқлар ҳам қуриб кетди, Даштдаги яйловларни олов ямлади.