Михо 6 bob
1 Эгамизнинг сўзини эшитинг: “Қани, туринг! Тоғлар олдида айтинг даъвоингизни, Қирлар эшитсин сизнинг овозингизни.”
2 Эй тоғлар, Эгамизнинг даъвосига қулоқ тутинг, Заминнинг мангу пойдеворлари, сиз ҳам эшитинг! Эгамиз Ўз халқи билан даъволашади, Халқи Исроил билан У баҳслашади.
3 Эгамиз демоқда: “Эй халқим, сенга Мен нима қилдим?! Сенга тушдими бирор оғирлигим?! Қани, жавоб бергин–чи Менга!
4 Мен сизларни Миср юртидан олиб чиққан эдим–ку, У ердаги қулликдан халос этган эдим–ку. Олдингизга юборгандим йўлбошчиларни — Мусо, Ҳорун ва Марямни.
5 Эй халқим, наҳот эсламасангиз Мўаб шоҳи Болоқнинг ёвуз ниятини, Бавўр ўғли Баломнинг унга берган жавобини?! Шитимдан Гилгалга қилган сафарингизда ҳам Нималар юз берганини бир эсланг. Бу воқеаларни эсга олсангиз, Мен, Эгангиз, сизларни қутқармоқчи бўлиб, Не–не ишлар қилганимни кўрасиз!”
6 Юксалган Худога сажда қилганимда, Нима олиб борай Эгамизнинг ҳузурига?! Унга атаб қурбонликлар куйдирсаммикан?! Бир ёшли бузоқларни назр қилсаммикан?!
7 Унга атаб минглаб қўчқорларни сўйсам, Зайтун мойин дарё–дарё қилиб оқизсам Эгамиз мендан мамнун бўлармикан?! Итоатсизлигим эвазига тўнғич ўғлимни берайми?! Гуноҳим эвазига ўз фарзандимни қурбон қилайми?!
8 Эй инсон, нима яхши эканлигини Эгамиз сенга аён қилди. Шудир Унинг сендан қилган талаби: Адолатли иш тутгин, Меҳр–шафқат қилишдан завқ олгин, Камтар бўлиб, Худонинг йўлидан юргин.
9 Эй инсон, нима яхши эканлигини Эгамиз сенга аён қилди. Шудир Унинг сендан қилган талаби: Адолатли иш тутгин, Меҳр–шафқат қилишдан завқ олгин, Камтар бўлиб, Худонинг йўлидан юргин
10 Худодан қўрқиш — донолик, ахир! Эгамиз Қуддус аҳлига хитоб қилар: “Яхшилаб қулоқ солинг! Мен сизларни ҳадемай жазолайман!
11 Нотўғри тарозини ишлатган одамни қандай оқлайин?! Сохта қадоқ тошлардан фойдаланган кишига қандай чидайин?!
12 Эй Қуддус бойлари, сизлар зўравонлик қиляпсиз, Эй шаҳар одамлари, сизлар алдаяпсиз. Ёлғондан бошқани билмас тилларингиз.
13 Шунинг учун Мен сизларга қақшатқич зарба бераман, Гуноҳларингиз учун сизларни хароб қиламан.
14 Сизлар ейсиз, лекин тўймайсиз, Қорнингиз доим оч бўлади. Нарса йиғасиз–у, сақлай олмайсиз, Йиққанларингизни урушда нобуд қиламан.
15 Сиз экасиз, аммо ўриб олмайсиз. Мой оласиз, аммо ундан фойдаланмайсиз. Узум эзасиз, аммо шаробидан ичмайсиз.
16 Ахир, сизлар шоҳ Омрининг одатларини ташламаяпсиз. Ахаб хонадонининг барча қилмишларига тақлид қиляпсиз, Уларнинг йўлини тутяпсиз. Шунинг учун Мен сизларни хароб қиламан. Сизни кўрганлар сизлардан ҳазар қилади, Барча халқлар сизларни ҳақорат этади.”