Хаггей 2 bob
1 Ўша йилнинг еттинчи ойи, йигирма биринчи кунида Эгамиз яна хабар юбориб, қуйидаги сўзларни Хаггей пайғамбарга аён қилди:
2 Яҳудо ҳокими Шалтиёл ўғли Зарубабелга, олий руҳоний Ёҳузадах ўғли Ёшуага ва сургундан қайтиб келган бутун халққа шу гапларни етказ:
3 “Орангизда олдинги Маъбаднинг шуҳратини кўрганлар борми? Ҳозирги кўриниши қандай? Олдингиси билан солиштирганда буниси арзимаган бир нарсадай–ку, ахир!
4 Эгамизнинг каломи шудир: «Энди дадил бўл, эй Зарубабел! Дадил бўл, эй олий руҳоний Ёшуа! Эй сургундан қайтиб келган шу юрт аҳли, энди дадил бўлинглар!» Сарвари Олам шундай демоқда:
5 «Менинг Руҳим ҳали ҳам сизларнинг орангизда, қўрқманглар. Ишга киришинглар, чунки Мисрдан чиққанингизда сизларга берган ваъдамга биноан Мен сизлар билан биргаман.»
6 Ахир, Сарвари Оламнинг каломи шудир: «Бирпасдан кейин яна еру осмонни, денгиз ва қуруқликни ларзага соламан.
7 Барча халқларни титратаман, уларнинг хазинаси шу ерга келтирилади.» Сарвари Олам демоқда: «Ўшанда Мен мана шу Маъбадни ҳашамат билан бой қиламан.»
8 Сарвари Оламнинг каломи шудир: «Кумуш Меники, олтин ҳам Меникидир.»
9 Сарвари Олам айтмоқда: «Бу Маъбаднинг кейинги шуҳрати олдингисидан ҳам улуғроқ бўлади.» Сарвари Оламнинг каломи шудир: «Мана шу ерга тинчлик ато қиламан.»”
10 Шоҳ Доро ҳукмронлигининг иккинчи йили, тўққизинчи ойнинг йигирма тўртинчи кунида Хаггей пайғамбар орқали Эгамизнинг қуйидаги сўзлари аён бўлди.
11 Хаггей руҳонийларга деди: — Сарвари Олам шундай айтмоқда: “Руҳонийлардан қонун бўйича қуйидаги ҳолатларни ажрим қилишни сўра:
12 агар бирортаси кийимининг этагида қурбонликдан олинган муқаддас гўштни олиб кетаётган бўлса, ўша кийимнинг этаги билан нон, шўрва, шароб, зайтун мойи ёки бошқа егуликларга тегиб кетса, ўша нарсалар ҳам муқаддас ҳисобланадими?” Руҳонийлар Хаггейга: — Йўқ*, — деб жавоб бердилар.
13 Хаггей яна сўради: — Агар бирортаси инсон жасадига теккани учун ҳаром бўлса–ю, юқорида айтиб ўтилган егуликлардан бирига тегса, ўша егуликлар ҳаром ҳисобланадими? Руҳонийлар: — Ҳа, — деб жавоб бердилар.
14 Шунда Хаггей деди: — Эгамизнинг каломи шудир: “Мана бу одамлар ҳам, бу халқ ҳам олдимда худди шундайдир. Улар қилган ишларнинг ҳаммаси, улар келтирган ҳар бир назр ҳам ҳаромдир.
15 Энди сизга нима бўлгани ҳақида ўйлаб кўринг. Менинг Маъбадимни қайта қуришни бошламасингиздан олдин нималар бўлгани ҳақида ўйлаб кўринг.
16 20 чора дон оламан деб, хирмонга борганингизда, у ерда фақат 10 чора дон бўларди. Хумдан 50 кўза шароб оламан деб, борганингизда эса фақат 20 кўза шароб топардингиз.”
17 Эгамиз демоқда: “Меҳнатингизнинг барча самарасини йўқ қилай деб гармсел, шира ва дўл юбордим. Шунда ҳам Менга қайтишни рад қилдингиз.
18 Аммо бугун, тўққизинчи ойнинг йигирма тўртинчи кунидан бошлаб, сизларга нима бўлишига эътибор беринглар. Маъбадимнинг пойдевори ётқизилганига анча бўлди.
19 Ўшандан бери, эккан уруғларингиз деярли ҳосил бермас эди, токларингиз, анжирларингиз, анорларингиз ва зайтун дарахтларингизнинг ҳосили бебарака эди. Аммо бугундан бошлаб, Мен сизларга барака бераман.”
20 Ўша куни, ойнинг йигирма тўртинчи кунида Эгамиз яна хабар юбориб, қуйидаги сўзларни Хаггей пайғамбарга аён қилди:
21 Яҳудо ҳокими Зарубабелга айт: “Осмон ва ерни ларзага соламан.
22 Шоҳликларнинг тахтларини ағдараман, халқларнинг шоҳликларига барҳам бераман. Жанг аравалари ва уларнинг устидагиларни ағдараман. Отлар, чавандозлар йиқилади, ҳамма бир–бирининг қиличидан ҳалок бўлади.
23 Эгамизнинг каломи шудир: «Эй қулим Шалтиёл ўғли Зарубабел, ўша куни, — демоқда Сарвари Олам, — сени Ўз муҳр узугимдай қиламан, чунки Мен сени танлаганман.» Сарвари Оламнинг каломи шудир.”