Луқо 23 bob
1 Бутун Кенгаш аъзолари туриб, Исони ҳоким Пилатнинг олдига келтирдилар.
2 Улар Исони айблай бошладилар: — Биз бу Одамни халқимизни йўлдан оздираётганда ушлаб олдик. У, Қайсарга солиқ тўламанглар, Мен Масиҳман, яъни шоҳман, деб айтиб юрибди.
3 Пилат Исодан: — Сен яҳудийларнинг шоҳимисан? — деб сўради. — Сиз шунақа дейсиз, — деб жавоб берди Исо.
4 Шунда Пилат бош руҳонийларга ва оломонга: — Мен бу Одамни айблашга ҳеч қандай сабаб кўрмаяпман, — деди.
5 Аммо улар қаттиқ туриб олдилар: — У Ўз таълимоти билан бутун Яҳудиядаги одамларни қўзғолонга даъват қиляпти. У бу қилмишини Жалилада бошлаганди, энди шу ерга ҳам етиб келибди.
6 Пилат бу гапни эшитиб: — Бу Одам Жалилаликми? — деб сўради.
7 Исо Ҳироднинг қўли остидаги ҳудуддан эканини Пилат билгач, Уни Ҳирод ҳузурига жўнатди. Ҳирод ўша пайтда Қуддусда эди.
8 Ҳирод Исони кўриб, жуда хурсанд бўлиб кетди. У анчадан буён Исони кўрмоқчи бўлиб юрган эди. Чунки Ҳирод Исо ҳақида эшитган, Унинг бирон мўъжизасини кўрсам деган ниятда эди.
9 Ҳирод Исога кўп саволлар берди, аммо Исо ҳеч бирига жавоб қайтармади.
10 Шу ерда турган бош руҳонийлар билан Таврот тафсирчилари эса Уни шиддат билан қораладилар.
11 Шундан кейин Ҳироднинг ўзи ҳам аскарлари билан бирга Исони камситиб масхаралади. Унга шоҳона чопон кийдириб, Пилатнинг олдига қайтариб юборди.
12 Бир–бирига душман бўлган Ҳирод билан Пилат ўша куни дўстлашдилар.
13 Пилат бош руҳонийлар, йўлбошчилар ва халқни чақириб,
14 уларга деди: — Сизлар бу Одамни халқни йўлдан оздиришда айблаб, олдимга олиб келдингизлар. Мен Уни сизларнинг олдингизда текшириб кўрдим. Аммо сизлар Унга қўйган айблардан биронтасини мен топмадим.
15 Ҳирод ҳам ҳеч нима тополмагани учун Уни бизнинг олдимизга қайтариб юборди. Хуллас, бу Одам ўлимга лойиқ бирон иш қилмаган.
16 Шунинг учун мен Уни калтаклаб,
17 озод қилиб юбораман.
18 Халойиқ эса бир оғиздан: — Унга ўлим! Бизга Бараббасни озод қилинг! — деб бақира кетишди.
19 Бараббас шаҳарда юз берган исёнда иштирок этиб, қотиллик қилган, шунинг учун зиндонга ташланган эди.
20 Пилат Исони озод қилмоқчи бўлиб, оломонга яна мурожаат этди.
21 Аммо оломон: — Хочга михлансин! Хочга михлансин! — деб шовқин кўтарди.
22 Пилат учинчи марта уларга айтди: — Нимага? У нима ёмонлик қилди, ахир?! Мен Унда ўлимга лойиқ бирор айб топганим йўқ. Шундай экан, мен Уни калтаклаб, озод қилиб юбораман!
23 Бироқ оломон овози борича: — Исо хочга михлансин! — деб бақириб, талаб қилаверди. Ниҳоят уларнинг бақир–чақирлари устун келди.
24 Пилат уларнинг талабини бажаришга қарор қилди.
25 Оломоннинг истагига кўра, исёнда иштирок этиб, қотиллик қилгани учун зиндонга ташланган одамни Пилат озод қилди, Исони эса оломоннинг ихтиёрига топширди.
26 Рим аскарлари Исони олиб кетдилар. Улар кетаётганларида, Шимўн деган бир одамни учратиб қолдилар. Шимўн Киринеялик бўлиб, даладан шаҳарга қайтиб келаётган экан. Аскарлар унинг елкасига хочни ортиб, Исонинг кетидан боришга мажбур қилдилар.
27 Бир талай оломон Исонинг ортидан эргашиб келаётган эди. Уларнинг орасида аёллар ҳам бор эди. Аёллар кўксига уриб, Исо учун фарёд қилардилар.
28 Исо аёлларга қараб деди: — Мен учун йиғламанглар, эй Қуддус қизлари! Ўзларингиз учун, фарзандларингиз учун йиғланглар.
29 Шундай кунлар келадики: “Туғмаган, бола эмизмаган, бепушт аёллар бахтлидир”, деб айтишади.
30 Ўшанда одамлар тоғларга: “Устимизга қуланглар!” дея бақиришади. Қирларга: “Бизни босиб қолинглар!” деб ёлворишади.
31 Кўкариб турган дарахтга шундай қилсалар, қуриган дарахтни нима қилар эканлар?!
32 Исо билан бирга икки жиноятчини ҳам қатл қилишга олиб кетаётган эдилар.
33 Бош суяги деган жойга етиб келганларидан сўнг, аскарлар Исони хочга михладилар. Исо билан бирга иккита жиноятчини ҳам михладилар, уларнинг бири Исонинг ўнг томонида, бири чап томонида эди.
34 Исо: — Эй Ота! Уларни кечиргин, улар нима қилаётганини билмайдилар, — деди. Аскарлар қуръа ташлаб, Исонинг кийимларини бўлишиб олдилар.
35 Оломон қараб турарди. Яҳудий йўлбошчилари эса Исонинг устидан кулиб, шундай дердилар: — У бошқаларни қутқарарди. Агар У Худо танлаган Масиҳ бўлса, энди Ўзини қутқариб кўрсин–чи! — дейишарди.
36 Аскарлар ҳам Исони масхараладилар. Улар Исога арзон шароб ичиргани яқинлашиб,
37 шундай дедилар: — Агар Сен яҳудийларнинг Шоҳи бўлсанг, Ўзингни Ўзинг қутқар–чи!
38 Исонинг бош томонида: “Бу яҳудийларнинг Шоҳидир” деган ёзув бор эди.
39 Хочга михланган жиноятчилардан бири Исони ҳақоратлаб деди: — Масиҳ экансан, Ўзингни ҳам, бизни ҳам қутқармайсанми?!
40 Иккинчи жиноятчи эса бу шеригига таъна қилди: — Худодан қўрқмайсанми?! Ўзинг ҳам шу Одам каби жазога маҳкум бўлгансан–ку!
41 Биз қилмишимизга яраша адолатли жазо олдик. У эса ҳеч қандай ёмонлик қилгани йўқ.
42 Кейин деди: — Эй Исо, тахтингизга ўтириб, Шоҳ бўлганингизда мени эсланг!
43 Исо унга деди: — Сенга чинини айтайин, бугуноқ сен Мен билан бирга жаннатда бўласан.
44 Туш пайти эди.
45 Кун қорайди, соат учга қадар ҳамма ёқ зулматга чўмди. Маъбаддаги парда ўртасидан йиртилди.
46 Исо баланд овоз билан фарёд қилди: — Ота! Руҳимни Сенинг қўлларингга топширяпман.Шундай деди–да, жон берди.
47 Воқеани кўриб турган Рим юзбошиси Худони улуғлаб: — Ҳақиқатан ҳам, бу Одам солиҳ экан, — деди.
48 Томошага тўпланган оломон содир бўлган воқеаларни кўриб, қайғудан кўксига ура–ура уйларига қайтиб кетдилар.
49 Исони билганлар эса, шу жумладан, Жалиладан Унга эргашиб келган аёллар юз берган воқеаларни узоқдан кузатиб турардилар.
50 Олий кенгаш аъзолари орасида Юсуф исмли яхши ва солиҳ бир киши бор эди.
51 У Яҳудиядаги Ариматея шаҳридан бўлиб, Худонинг Шоҳлигини интизорлик билан кутарди. Юсуф Кенгаш аъзоларининг бу қарорини ва қилган ишини маъқулламаган эди.
52 У Пилатнинг олдига бориб, Исонинг жасадини сўради.
53 Юсуф жасадни хочдан тушириб олиб, зиғир матоси билан кафанлади. Кейин жасадни қояга ўйилган қабрга қўйди. Бу қабрга ҳали ҳеч ким қўйилмаган эди.
54 Бу кун Шаббат арафаси бўлиб, Шаббат куни бошланишига оз қолганди.
55 Жалиладан Исо билан бирга келган аёллар Юсуфнинг орқасидан эргашиб бордилар. Улар қабрни ва Исонинг жасади қандай дафн қилинганини кўрдилар.
56 Улар уйларига қайтиб бориб, жасадга суртиш учун хушбўй мойлар ва атирлар тайёрладилар. Шаббат куни эса, қонунда буюрилгандай, дам олдилар.