Луқо 4 bob
1 Исо Иордан дарёсидан Муқаддас Руҳга тўлиб қайтди. Руҳ Уни саҳрога бошлаб кетди.
2 Саҳрода Исони иблис қирқ кун васвасага солди. Ўша кунлар давомида Исо ҳеч нарса емади, охири оч қолди.
3 Шунда иблис Исога деди: — Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, бу тошга буюр, нонга айлансин!
4 Исо унга шундай жавоб берди: — Ёзилганки: “Инсон фақат нон билан яшамайди.”
5 Сўнг Исони иблис тепаликка олиб чиқиб, бир лаҳзада Унга оламнинг барча шоҳликларини кўрсатди.
6 У Исога деди: — Сени ана шу шоҳликлар устидан ҳукмрон қиламан, уларнинг шон–шуҳратини Сенга бераман. Буларнинг ҳаммаси менга берилган, мен эса истаганимга бераман.
7 Менга сажда қил, шунда ҳаммаси Сеники бўлади.
8 Исо жавоб бериб деди: — Ёзилганки: “Эганг Худога сажда қил, фақат Унга хизмат қил.”
9 Кейин иблис Исони Қуддусга олиб борди. Уни Маъбаднинг энг юқори жойига чиқариб, шундай деди: — Агар Сен Худонинг Ўғли бўлсанг, Ўзингни бу ердан пастга ташла.
10 Ахир, ёзилган–ку: “Худо Сен тўғрингда фаришталарига амр беради, Фаришталар Сени қўриқлайди.
11 Оёғинг тошга қоқилиб кетмасин дея, Фаришталар қўлларида Сени кўтариб боради.”
12 Исо иблисга жавобан деди: — Яна ёзилганки: “Эганг Худони синама.”
13 Иблис ҳар томонлама Исони васвасага солиб бўлгандан сўнг Унинг ёнидан кетди, бироқ қайтиб келиш учун фурсат пойлаб юрди.
14 Иблис ҳар томонлама Исони васвасага солиб бўлгандан сўнг Унинг ёнидан кетди, бироқ қайтиб келиш учун фурсат пойлаб юрди.
15 У синагогаларда таълим берарди, ҳамма Уни мақтарди.
16 Сўнг Исо Ўзи улғайиб ўсган шаҳри Носирага борди. Ўз одати бўйича Шаббат кунида синагогага кириб, Муқаддас битикларни ўқиш учун ўрнидан турди.
17 Унга Ишаё пайғамбарнинг ўрамини узатдилар. У ўрамни очиб, қуйидаги парчани топиб ўқиди:
18 “Эгамизнинг Руҳи мени қамради. Йўқсилларга Хушхабар етказмоқ учун Эгам мени танлади. Зиндондагиларга эркин бўласиз, деб айтмоқ учун, Кўрларга, кўзингиз очилади, деб хабар бермоқ учун, Асирларни озод қилмоқ учун,
19 Эгамнинг марҳамат йилини маълум этмоқ учун Эгам мени юборди.”
20 Кейин Исо ўрамни қайта ўради–да, хизматчига бериб, жойига ўтирди. Синагогадаги барчанинг кўзи Унга тикилди.
21 Исо уларга деди: — Сизлар эшитган бу калом шу бугун бажо бўлди.
22 Ҳамма Исони мақтар эди. Унинг латиф сўзларига маҳлиё бўлиб: “Наҳотки бу Одам Юсуфнинг ўғли бўлса?!” деб айтишарди.
23 Исо уларга деди: — Билиб турибман, сизлар: “Эй табиб, ўзингни ўзинг даволаб кўр–чи!” деган иборани юзимга солмоқчисизлар. “Кафарнаҳумда қилган мўъжизалар ҳақида хабар топдик. Ўшаларни Ўз шаҳрингда ҳам қил”, деб айтмоқчисизлар.
24 Сўнг Исо гапида давом этиб, деди: — Сизларга чинини айтайин, ҳеч қандай пайғамбар ўз юртида қабул қилинмайди.
25 Сизларга яна бир ҳақиқатни айтаман: Илёс пайғамбар даврида Исроил юртида кўп бевалар бор эди. Осмондан уч йилу олти ой давомида бир томчи ҳам ёмғир ёғмади, бутун юртда даҳшатли очарчилик бўлди.
26 Аммо Худо Илёсни уларнинг биронтасига юбормай, фақатгина Сидон шаҳри яқинидаги Зорафатда яшовчи бир бевага юборган эди.
27 Худди шу сингари, Элишай пайғамбар даврида ҳам Исроил юртида тери касаллигига чалинган кўп одамлар бор эди. Аммо биронтаси ҳам шифо топмади, фақат Суриялик Нўъмон шифо топди, холос.
28 Синагогадаги одамлар буларни эшитгач, ҳаммалари ғазабланишди.
29 Ўринларидан сакраб туриб, Исони шаҳардан ташқарига ҳайдаб чиқаришди. Носира шаҳри тепалик устида жойлашган эди. Одамлар Исони ўша тепаликнинг четига олиб бориб, жарликка ташламоқчи бўлишди.
30 Лекин Исо уларнинг орасидан ўтиб, Ўз йўлига кетди.
31 Лекин Исо уларнинг орасидан ўтиб, Ўз йўлига кетди.
32 Халойиқ Исонинг таълимотини эшитиб, ҳайратда қолди, чунки У ҳокимият билан гапирарди.
33 Шаҳардаги синагогада жинга чалинган бир одам бор эди. У овози борича бақириб деди:
34 — Эй Носиралик Исо! Бизни тинч қўй! Сен бизни ҳалок қилгани келдингми?! Сенинг кимлигингни биламан: Сен Худонинг Азизисан!
35 Бироқ Исо жинга дўқ уриб: — Жим бўл! Ундан чиқиб кет! — деди. Шунда жин ҳамманинг кўзи олдида ҳалиги одамни ерга ағнатиб, унинг ичидан чиқиб кетди. Одам ҳеч қандай зарар кўрмади.
36 Ҳамма ҳайратда қолди. — Нима бўляпти ўзи?! У қудрату ҳокимият билан буйруқ берганда ёвуз руҳлар чиқиб кетяпти! — деб бир–бирларига гапирардилар.
37 Исо ҳақидаги овоза бутун теварак–атрофга тарқалди.
38 Исо синагогадан чиқиб, Шимўннинг уйига кирди. Шимўннинг қайнанаси қаттиқ иситмалаб ётган эди. Исодан, касални кўриб қўйинг, деб илтимос қилишди.
39 Исо аёлнинг ёнига келиб, иситмага: “Аёлни тарк эт!” — деб буйруқ берди. Иситма аёлни тарк этди. Аёл ўша заҳоти ўрнидан туриб, уларга хизмат қила бошлади.
40 Қуёш ботаётган пайтда, одамлар турли хасталикдан азоб чекаётган қариндош–уруғларини Исонинг олдига олиб келдилар. Исо ҳамма хасталарга қўлини қўйиб, шифо берди.
41 Жинлар эса: “Сен Худонинг Ўғлисан!” — деб бақирганларича, кўплаб одамларни тарк этардилар. Исо жинларга дўқ уриб, уларнинг гапиришларига ижозат бермасди, чунки жинлар Исонинг Масиҳ эканини билишарди.
42 Тонг отгач, Исо шаҳарни тарк этиб, кимсасиз бир жойга кетди. Бир тўда оломон Уни излаб ортидан борди. Улар Исони топганларидан сўнг: “Ёнимиздан кетманг”, деб Уни олиб қолишга ҳаракат қилдилар.
43 Исо эса одамларга шундай деди: — Мен Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабарни бошқа шаҳарларда ҳам эълон қилишим керак, Мен шу мақсадда юборилганман.
44 Шундай қилиб, Исо юртдаги синагогаларда воизлик қилишни давом эттирди.