Ҳаворийлар 21 bob
1 Биз улар билан хайрлашиб, кемага ўтирдик ва тўғри Кос оролига келдик. Эртаси куни Родос оролига, кейин эса Патара шаҳрига бордик.
2 У ерда биз Финикияга кетаётган кемани топиб, ўша кемада сузиб кетдик.
3 Кипрга яқинлашганимизда, бу оролни чап томонимизда қолдириб, Финикияга йўл олдик. Тирда кемадан юк туширмоқчи бўлганлари учун биз қирғоқда қолдик.
4 Исонинг у ердаги шогирдларини қидириб топдик ва улар билан бир ҳафта қолдик. Улар Муқаддас Руҳдан илҳомланиб, Павлусга: “Қуддусга борманг”, деб айтдилар.
5 Бу ерда вақтимиз охирлаб қолгач, йўлга чиқиб, сафаримизни давом эттирдик. Имонлиларнинг ҳаммаси, хотинлари ва бола–чақалари билан бирга, бизни шаҳар ташқарисигача кузатиб чиқди. Денгиз бўйида тиз чўкиб, ибодат қилдик.
6 Сўнг бир–биримиз билан хайрлашдик. Биз кемага чиқдик, улар ҳам уйларига қайтиб кетдилар.
7 Биз Тир шаҳридан саёҳатни давом эттириб, Птолемай шаҳрига келдик. У ердаги имонлиларни зиёрат этиб, бир кун ёнларида қолдик.
8 Эртаси куни йўлга чиқиб, Қайсарияга келдик. Хушхабарчи Филипнинг уйига бориб, уникида қолдик. Филип озиқ–овқат тақсимлаш учун сайланган етти кишидан бири эди.
9 Филипнинг турмушга чиқмаган тўртта қизи бўлиб, уларга башорат қилиш инъоми берилган эди.
10 У ерда бир неча кун бўлганимиздан кейин, Яҳудиядан Хагабус деган пайғамбар келди.
11 У бизнинг олдимизга келди ва Павлуснинг камарини олиб, ўзининг оёқ–қўлларини боғлади–да, шундай деди: — Муқаддас Руҳ демоқда: мана бу камарнинг эгасини яҳудийлар Қуддусда худди шу сингари боғлаб, уни ғайрияҳудийлар қўлига топширадилар.
12 Бу гапни эшитганимиздан кейин биз ҳам, у ердаги одамлар ҳам Павлусга, Қуддусга борманг, деб ялиниб–ёлвордик.
13 Шунда Павлус қуйидагича жавоб берди: — Нима қиляпсизлар? Нимага йиғлаб, юрагимни сиқяпсизлар? Мен фақат оёқ–қўлларимнинг боғланишига эмас, балки Раббимиз Исонинг номи учун Қуддусга бориб ўлишга ҳам тайёрман.
14 Биз Павлусни кўндира олмаганимиздан кейин, “Раббимиз истаганидай бўлсин”, деб жим қолдик.
15 Бу ерда маълум вақт бўлганимиздан кейин, тайёргарлигимизни кўриб, Қуддусга йўл олдик.
16 Қайсариядан Исонинг баъзи шогирдлари биз билан бирга бордилар. Улар бизни дастлабки имонлилардан бўлган Кипрлик Минасоннинг уйига олиб келдилар. Биз унинг хонадонида қолдик.
17 Қуддусга келганимизда, имонлилар бизни хурсандчилик билан қабул қилдилар.
18 Кейинги куни Павлус биз билан бирга Ёқубни кўргани борди. Барча жамоат оқсоқоллари ҳам у ерда йиғилишган эди.
19 Павлус улар билан саломлашгандан кейин, ўзининг хизмати орқали ғайрияҳудийлар орасида Худо қилган ишларни батафсил ҳикоя қилиб берди.
20 Улар бу гапларни эшитиб, Худога ҳамду сано айтдилар. Кейин Павлусга дедилар: — Биродаримиз Павлус, кўриб турибсизки, яҳудийлар орасида бир неча минг одам имонга келган. Уларнинг ҳаммаси қонунга чин дилдан ўзларини бағишлаганлар.
21 Уларнинг эшитишича, сиз ғайрияҳудийлар орасида яшаётган ҳамма яҳудийларга, Мусонинг қонунидан воз кечинглар, болаларингизни суннат қилманглар, яҳудийларнинг урф–одатларига риоя қилманглар, деб таълим берган экансиз.
22 Энди нима бўлади? Сизнинг келганингизни улар албатта эшитадилар.
23 Энди бизнинг айтганларимизни қилинг. Орамизда назр атаган тўртта одам бор.
24 Бу одамлар билан бирга Маъбадга бориб, у ерда покланиш маросимида иштирок этинг. Улар сочларини олдирганларида талаб қилинган покланиш қурбонлигининг харажатларини улар учун ўзингиз тўланг. Ана шунда, сиз тўғрингизда айтилган гаплар ҳақиқат эмаслигини, сиз эса Мусонинг қонунига риоя қилган ҳолда яшаётганингизни ҳамма билиб олади.
25 Имонли ғайрияҳудийларга келсак, бир қанча вақт олдин биз уларга мактуб жўнатиб, қуйидаги қароримизни маълум қилган эдик: “Бутларга келтирилган қурбонлик гўштини ва қони чиқарилмаган ҳайвон гўштини тановул қилишдан ҳамда фаҳш–зинодан ўзларингизни тийинглар.”
26 Эртаси куни Павлус ўша одамларни ёнига олиб, улар билан бирга ўзини поклади. Сўнг Маъбадга кириб, покланиш кунлари қачон тугашини, ҳар бир одам учун қачон қурбонлик келтирилишини эълон қилди.
27 Етти кунлик маросим охирлаб қолган эди. Асия вилоятидан келган яҳудийлар Павлусни Маъбадда кўриб қолдилар. Улар оломонни қайраб, Павлусни ушладилар.
28 — Эй Исроил халқи! Ёрдам беринглар! — деб шовқин солди улар. — Манави одам ҳамма жойда бизнинг халқимизга, қонунимизга, Маъбадга қарши таълим бериб юради. Бунинг устига, у ғайрияҳудийларни Маъбадга олиб келиб, бу муқаддас жойни булғади!
29 Бундай дейишларига сабаб, бундан олдин улар Эфеслик Трофимусни шаҳарда Павлус билан бирга кўришган бўлиб, “Павлус ўша ғайрияҳудийни Маъбадга олиб кирди”, деб ўйлаган эдилар.
30 Бутун шаҳар оёққа турди, халқ биргалашиб ҳаракатга келди. Улар Павлусни тутиб, Маъбаддан судраб чиқариб ташладилар. Ўша заҳоти Маъбад эшиклари ёпилди.
31 Оломон энди Павлусни ўлдирмоқчи бўлиб турган эди, Рим лашкарининг мингбошисига: “Бутун Қуддус оёққа турди” деган хабар етиб келди.
32 Мингбоши ўша заҳоти аскарлари ва юзбошиларни олиб, оломон томонга югуриб кетди. Оломон мингбоши билан унинг аскарларини кўргач, Павлусни калтаклашни бас қилдилар.
33 Мингбоши Павлуснинг олдига келиб, уни қамоққа олди ва иккита кишан билан боғлашни буюрди. Сўнгра у: “Бу одам ким? У нима қилди?” деб сўради.
34 Оломон орасидан баъзилари бир нималар деб шовқин солди, бошқаси яна нималардир деди. Ғала–ғовур бўлганидан мингбоши нима юз берганини аниқ била олмади. Шунинг учун у Павлусни қалъага* олиб боришни буюрди.
35 Павлус қалъанинг зинапоясига келганда, оломон шунчалик жунбишга келдики, аскарлар Павлусни кўтариб кетишларига тўғри келди.
36 Оломон Павлуснинг ортидан эргашиб: “Унга ўлим!” деб шовқин соларди.
37 Аскарлар Павлусни қалъага олиб кираётганларида, у мингбошига: — Сизга бир нарсани айтсам майлими? — деди. — Юнонча биласанми?! — деб ҳайрон қолди мингбоши. —
38 Бир қанча вақт олдин исён бошлаб, тўрт минг қуролланган каллакесарни саҳрога олиб чиққан Мисрлик мабодо сен эмасмисан?
39 — Мен яҳудийман, Киликиядаги Тарсус шаҳриданман, — деди Павлус. — Ўша муҳим шаҳарнинг фуқаросиман. Илтимос, халққа гапиришимга ижозат беринг.
40 Мингбоши Павлусга ижозат бергач, у зинапояда туриб, одамларга қўли билан: “Жим бўлинглар!” деган ишорани қилди. Одамлар тинчлангандан кейин, Павлус уларга орамий тилида гапира бошлади.