Римликларга мактуб 15 bob
1 Биз, имони кучлилар, ўзимизни мамнун қилишни кўзламасдан, имони суст бўлган биродарларнинг ожизлигига сабр–бардош қилишимиз керак.
2 Ҳар биримиз ўзганинг манфаатини кўзлаб, унга далда бериш ниятида уни мамнун қилишга ҳаракат қилайлик.
3 Ҳаттоки Масиҳ ҳам Ўзини мамнун қилишни кўзламаган, зеро, Муқаддас битикларда ёзилганидай: “Эй Худо, Сени ҳақоратлаганлар Мени ҳақорат қилган бўлар.”
4 Муқаддас битикларда нимаики ёзилган бўлса, бизнинг таълим олишимиз учун ёзилган. Биз бу битиклардан сабр ва тасалли топиб, умидимизда маҳкам туришимиз лозим.
5 Исо Масиҳнинг йўлида юрар экансиз, сабр ва тасалли манбаи бўлган Худонинг Ўзи сизларга ҳамфикр бўлишни ато қилсин.
6 Шунда сизлар якдиллик билан, бир овоздан Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси — Худони улуғлайсизлар.
7 Масиҳ сизларни Ўз биродарларидай қабул қилгани каби, сизлар ҳам бир–бирингизни биродарлардай қабул қилинг. Шундай қилиш Худога шуҳрат келтиради.
8 Мен сизларга айтяпман: Худонинг содиқлигини кўрсатиб, Унинг ота–боболаримизга берган ваъдаларини бажариш учун Исо Масиҳ яҳудийларнинг хизматкори бўлиб келди.
9 Масиҳнинг келишидан яна бир мақсади шу эдики,ғайрияҳудийлар ҳам Худонинг меҳр–шафқати учун Уни улуғласинлар. Муқаддас битикларда ёзилганидай: “Халқлар ичра Сенга ҳамдлар айтаман! Сени куйлаб сано айтаман!”
10 Яна бошқа жойда шундай ёзилган: “Эй эллар, Унинг халқи билан бирга шодланинг.”
11 Яна шундай деб ҳам ёзилган: “Эй барча халқлар, Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Эй жамики элатлар, Уни олқишланглар!”
12 Ишаё китобида ҳам қуйидагича ёзилган: “Эссай томиридан бир Зот келиб чиқар, У халқлар устидан ҳукмронлик қилар, Халқлар эса Унга умид боғлайдилар.”
13 Имон йўлидан юрар экансиз, умид манбаи бўлган Худо қалбингизни севинч ва тинчликка тўлдирсин, шунда сизлар Муқаддас Руҳнинг кучи ила умидга бой бўласизлар.
14 Эй биродарларим, мен аминманки, сизлар эзгуликка ва илм–маърифатга бойсизлар, бир–бирингизга панд–насиҳат қилишга қодирсизлар.
15 Шунинг учун баъзи бир нарсаларни эслатай деб, сизларга бу хатни ёзишга журъат қилдим, чунки мен Худонинг инояти билан .
16 Исо Масиҳнинг хизматкори этиб тайинланганман. Худонинг Хушхабарини айтиб, руҳоний сифатида ғайрияҳудийларга хизмат қилмоқдаман. Бунинг натижасида, ғайрияҳудийлар Худога манзур бўладиган, Муқаддас Руҳ орқали табаррук қилинган қурбонликдай Худога тортиқ этилмоқдалар.
17 Шундай қилиб, Исо Масиҳ туфайли Худонинг йўлида қилган ишларим билан мақтансам бўлади.
18 Кучли мўъжизалару аломатлар билан, менинг айтганларим ва қилганларим орқали Масиҳ ғайрияҳудийларни Худога итоат қилиш йўлига бошлади.
19 Аммо Исо Масиҳнинг мен орқали қилган ишларидан бошқа нарсалар ҳақида гапиришга журъат этмайман, чунки буларнинг ҳаммаси Худо Руҳининг қудрати ила содир бўлди. Шундай қилиб, мен Қуддусдан бошлаб, то Иллурикон ҳудудига қадар Масиҳнинг Хушхабарини ёйиб, ўз вазифамни бажардим.
20 Шу билан бирга, мен бошқаларнинг пойдевори устига бино қурмайин деб, ҳали Масиҳнинг номи овоза қилинмаган ерларда Хушхабарни ёйиш учун жон куйдиряпман.
21 Муқаддас битикларда ёзилганидай: “У ҳақда хабарсиз бўлганлар энди кўрадилар, У ҳақда эшитмаганлар энди англаб етадилар.”
22 Хушхабарни ёйиш хизматим туфайли анчадан бери сизларнинг олдингизга бора олганим йўқ.
23 Энди эса бу жойларда менга бошқа иш қолмаган. Мен кўп йиллардан бери сизларни кўришни орзу қиламан.
24 Шунинг учун Испанияга бораётганимда, йўлда сизларни кўриб ўтмоқчиман, бир оз бўлса–да, дийдорингизга тўйганимдан кейин, йўлимда давом этишим учун керакли бўлган зарур эҳтиёжимни қондирарсизлар деган умиддаман.
25 Ҳозирча мен Худо азизларига ёрдам бергани Қуддусга кетяпман.
26 Чунки Македония ва Ахаядаги биродарлар маблағ йиғиб, Қуддусдаги камбағал биродарларга ёрдам беришга қарор қилдилар.
27 Буни ҳам қарз, ҳам фарз деб билганлари учун хурсандчилик билан шундай қилдилар. Ахир, ғайрияҳудийлар яҳудийлар туфайли руҳий неъматларга сазовор бўлдилар–да, шунинг учун улар ўз моддий бойликларини яҳудийлар билан баҳам кўришни лойиқ топдилар.
28 Мен бу ишни бажариб, тўпланган маблағни уларга топширганимдан кейин, сизларнинг олдингизда тўхтаб ўтаман. Сўнгра Испанияга кетаман.
29 Аминманки, мен сизларни кўришга борганимда, биз биргаликда Масиҳ Хушхабари келтирадиган қут–баракаларни тўлиқ баҳам кўрамиз.
30 Эй биродарларим, Раббимиз Исо Масиҳ ва Муқаддас Руҳ ато қиладиган меҳр–муҳаббат ҳақи сизларга ёлвораман: мен учун биргаликда Худога ибодат қилайлик.
31 Яҳудиядаги имонсизларнинг қўлидан қутулишим учун ва Қуддусдаги хизматим у ердаги Худонинг азизларига маъқул бўлиши учун ибодат қилинглар.
32 Худо хоҳласа, мен шод–хуррамлик билан сизларнинг олдингизга бораман, сизлар билан бирга бўлганимдан қалбим ором топади.
33 Тинчлик манбаи бўлган Худо ҳаммангизга ёр бўлсин. Омин!