Римликларга мактуб 3 bob
1 Хўш, яҳудийларнинг қандай устунлиги бор? Ёки суннатнинг нима фойдаси бор?
2 Яҳудийлар ҳар жиҳатдан катта устунликка эгадирлар. Бу устунлик, энг аввало, шундан иборатки, Худонинг каломи уларга ишониб топширилган.
3 Уларнинг баъзилари ишонмаган бўлса, нима бўпти? Уларнинг ишонмаганлиги Худонинг садоқатини бекор қиладими?
4 Йўқ, асло! Ахир, ҳар бир инсон ёлғончи бўлса ҳам, Худо ҳақдир. Муқаддас битикларда Худо ҳақида шундай ёзилган–ку: “Шу боис ҳукм қилганингда Сен барҳақсан, Айбимни фош этганингда доимо тўғри бўлиб чиқасан.”
5 Инсоний фикр юритиб айтайин: агар бизнинг қабиҳлигимиз Худонинг одиллигини янада очиқроқ кўрсатса, нима ҳам дердик? Бошимизга қаҳр–ғазаб ёғдиргани учун Худо адолатсизми?
6 Йўқ, асло! Худо одилдир. Худо адолатсиз бўлганда эди, қандай қилиб дунёни ҳукм қила оларди?!
7 Менинг ёлғончилигим Худонинг ҳақлигига урғу бериб, Унга янада кўпроқ шон–шуҳрат келтирар экан, нима учун мен гуноҳкор сифатида маҳкум қилинишим керак?
8 Шундай экан, “Яхшилик келтирсин деб, ёмонлик қилаверайликми?” дейишимиз керакми?! Баъзилар бизга туҳмат қилиб, Павлус ўшандай таълим беряпти, деб айтмоқдалар. Бундай туҳмат қилганлар жазога лойиқдир.
9 Хўш, биз, яҳудийлар, бошқалардан устунмизми? Йўқ, асло! Юқорида исботлаб ўтганимдай, хоҳ яҳудий бўлсин, хоҳ ғайрияҳудий бўлсин, ҳар бир инсон гуноҳнинг ҳокимияти остидадир.
10 Ахир, Муқаддас битикларда қуйидагидай ёзилган–ку: “Ҳеч бир солиҳ кимса йўқдир, Ҳатто биронта ҳам йўқ!
11 Биронта ҳам идрокли зот йўқ, Ҳеч ким Худога юз бурмайди.
12 Ҳаммаси йўлдан озган, бирдай бузилган, Яхшилик қилувчи бир кимса йўқдир, Ҳатто биронта ҳам йўқ!
13 Очиқ қабр кабидир оғизлари, Улар ёлғон гапиради. Тилларидан илон заҳри томади.
14 Уларнинг оғзидан аччиқ сўзлар, лаънат чиқади.
15 Уларнинг оёқлари қон тўкишга шошилади,
16 Қадамидан ҳалокату вайрона келади.
17 Улар тинчлик йўлларини билмайди,
18 Улар Худодан қўрқмайди.”
19 Биз биламизки, қонун неки буюрган бўлса, қонунга қарам бўлганларга буюрган, токи ҳар бир оғиз юмилсин ва бутун дунё Худо олдида жавобгар бўлсин.
20 Зотан, қонунга амал қилиш орқали ҳеч ким Худонинг олдида оқлана олмайди, чунки қонун инсонга гуноҳкорлигини янада аниқроқ кўрсатади.
21 Мана энди қонунга алоқасиз равишда оқланиш йўлини Худонинг Ўзи аниқ кўрсатди. Буни Таврот ва Пайғамбарлар битиклари тасдиқлайди.
22 Биз Исо Масиҳга бўлган имонимиз орқали Худонинг олдида оқланамиз. Одамлар орасида ҳеч бир фарқ йўқ.
23 Ахир, ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг улуғворлигидан маҳрумдир.
24 Лекин гуноҳкорлар Исо Масиҳ орқали гуноҳларидан озод бўладилар. Улар оқланишга лойиқ бўлмасалар–да, Худонинг инояти билан оқланадилар.
25 Худо Исо Масиҳни бу дунёга юборди. Масиҳга ишонганларнинг ҳаммаси Унинг тўкилган қони орқали Худо билан ярашди.
26 Шундай қилиб, Худо Ўзининг адолатини намоён қилди. У ўтмишда сабр–тоқат қилиб, илгари қилинган гуноҳларни жазосиз қолдирган эди, энди эса Исо Масиҳга ишонганларни оқлаб, Ўзининг ҳақ эканлигини кўрсатмоқда.
27 Энди мақтанишга арзигулик нарсамиз қолдими? Йўқ, мақтовга ўрин йўқ. Нима сабабга кўра? Амрларни бажо келтиришни талаб қилувчи қонунга кўрами? Йўқ, инсонлар имон орқали оқланганда мақтанишга ҳеч ўрин қолмайди.
28 Ахир, инсон қонун талабларини бажо қилиш орқали эмас, балки имон орқали оқланади, биз бунга қаноат ҳосил қилдик.
29 Наҳотки Худо фақат яҳудийларнинг Худоси бўлса?! У бошқа халқларнинг ҳам Худоси эмасми? Албатта, У бошқа халқларнинг ҳам Худосидир.
30 Ахир, Худо ягона–ку! Суннатлиларни ҳам, суннатсизларни ҳам Худо имон орқали оқлайди.
31 Демак, биз бу имон билан қонунни бекор қиляпмизми? Йўқ, асло! Аксинча, қонунни тасдиқлаяпмиз.