Римликларга мактуб 7 bob
1 Эй биродарлар, ахир, сизлар биласизлар–ку, (мен қонунни биладиганларга айтяпман), қонун фақат тирик инсоннинг устидан ҳукмронлик қилади.
2 Масалан, эрли хотиннинг эри тирик экан, қонун бўйича у эрига боғлиқ. Аммо эри ўлса, у никоҳдан озод бўлади.
3 Шунинг учун ҳали эри тирик бўлган хотин бошқа эрга тегса, у зинокор деб ҳисобланади. Аммо эри ўлса, хотин ўша қонундан озод бўлади ва бошқа эрга тегса ҳам, зино қилган ҳисобланмайди.
4 Шунга ўхшаб, сизлар ҳам, эй биродарларим, Масиҳнинг ўлими орқали қонун учун ўлгансизлар. Энди қонундан озодсизлар, ўзингизни Бошқасига, яъни ўликдан тирилган Масиҳга бағишлай оласизлар. Бунинг натижасида эса биз Худонинг йўлида самарали ишлар қила оламиз.
5 Зеро, биз башарий табиатимиз амри билан яшаган пайтимизда, қонун бизнинг аъзойи баданимизда гуноҳкор эҳтиросларни қўзғатарди. Уларнинг самараси эса ўлимдир.
6 Энди эса бизни асир қилган қонун учун ўлдик ва ундан озод бўлдик. Шундай қилиб, биз эскичасига, яъни ёзилган қонун етакчилигида эмас, балки янгичасига, яъни Муқаддас Руҳ етакчилигида Худога хизмат қиламиз.
7 Хўш, унда нима деймиз? Қонун гуноҳнинг манбаими? Йўқ, асло! Аммо қонун бўлмаганда эди, мен гуноҳ нима эканлигини билмаган бўлар эдим. Масалан, қонун “бошқаларнинг мулкига кўз олайтирма” деб буюрмаганда эди, мен бунинг гуноҳ эканлигини билмаган бўлардим
8 Аммо гуноҳ бу амрдан фойдаланиб, менинг юрагимда ҳар хил нафсу ҳасадни қўзғатди. Қонун бўлмаган жойда гуноҳ ўликдир.
9 Бир вақтлар мен қонунни билмай яшардим. Аммо амр бор эканлигини билганимдан кейин, гуноҳ тирилди,
10 мен эса ўлдим. Амр ҳаёт келтириши керак эди, аммо менинг ўлимимга сабабчи бўлди.
11 Чунки гуноҳ амрдан фойдаланиб, мени алдади ва амр орқали мени ўлдирди.
12 Аммо қонун барибир муқаддасдир, унинг ҳар бир амри муқаддас, одил ва яхшидир.
13 Хўш, яхши бўлган қонун менга ўлим келтирдими? Мутлақо! Гуноҳ менга ўлим келтириш учун яхши нарсадан фойдаланди. Гуноҳнинг гуноҳ эканлиги очиқ кўриниши учун шундай бўлди. Шундай қилиб, амр орқали гуноҳнинг нақадар ёмон эканлиги ошкор бўлди.
14 Қонунни Худо берган. Мен эса гуноҳга қул қилиб сотилган ожиз бандаман.
15 Ахир, ўзим қилаётган ишларни ўзим тушунмайман, чунки қилишни хоҳлаганларимни қилмайман, аксинча, нимани ёмон кўрсам, шуни қиламан.
16 Ўзим хоҳламаган ишларни қилаётган эканман, бу билан қонуннинг яхши эканлигини маъқуллаётган бўламан.
17 Демак, бу ишларни мен ўзим эмас, балки юрагимдаги гуноҳ қилаётган бўлади.
18 Менда, яъни башарий табиатимда ҳеч қандай яхши жиҳат йўқлигини аниқ биламан. Яхшилик қилиш истаги дилимда бор бўлса–да, уни рўёбга чиқаришга кучим етмайди.
19 Ўзим қилишни хоҳлаган яхшиликни қилмайман–да, унинг ўрнига ўзим қилишни хоҳламаган ёмонликни қиламан.
20 Ўзим хоҳламаган ишни қилаётган эканман, демак, бу ишни мен эмас, балки юрагимдаги гуноҳ қиляпти.
21 Мен бундан ушбу хулосани чиқараман: яхшилик қилмоқчи бўлганимда, қалбимда ҳамиша ёмонлик пойлаб туради.
22 Бутун қалбим билан Худонинг қонунидан завқ оламан.
23 Аммо аъзойи баданимда бошқа бир қоида амал қилмоқда. Бу қоида онгимдаги қонунга қарши кураш олиб бориб, аъзойи баданимда амал қилувчи гуноҳ қоидасига мени асир қиляпти.
24 Оҳ, мен шўрлик одам! Ўлим сояси остидаги бу аҳволимдан ким мени қутқарар экан?
25 Худога шукур! Раббимиз Исо Масиҳ орқали У бизни қутқаради! Хулласи калом, мен онгим билан Худонинг қонунига қул бўлсам–да, башарий табиатим гуноҳ қоидасига қулдир.