Ҳаворийнинг ҳақ–ҳуқуқлари (1-18),Павлуснинг мақсади (19-27).
Коринфликларга 1-нчи мактуб 9 bob
1 Мен озод эмасманми?! Мен ҳаворий эмасманми?! Раббимиз Исони кўрмаганманми?! Раббимиз йўлида қилган меҳнатимнинг маҳсули сизлар эмасми?!
2 Агар бошқалар учун ҳаворий бўлмасам ҳам, ҳеч бўлмаса сизлар учун ҳаворийдирман. Ахир, сизлар Раббимизга тегишли бўлганингиз учун ҳаворийлигимнинг муҳрисизлар.
3 Мени танқид қилаётганлар олдида қуйидагилар билан ўзимни оқлайман.
4 Наҳотки Раббимиз йўлида қилган хизматимиз учун текин еб–ичишга ҳуқуқимиз бўлмаса?!
5 Нима, бошқа ҳаворийлар каби, Раббимиз Исонинг укалари ва Бутрусга ўхшаб, имонли бир аёлга уйланиб, уни ёнимизда олиб юришга ҳақимиз йўқми?!
6 Ёки фақатгина мен билан Барнабо кун кечириш учун ўз қўлимиз билан меҳнат қилишимиз керакми?!
7 Ким ўз ҳисобидан аскарлик қилади?! Ким ток ўтқазиб, унинг мевасини емайди?! Ким пода боқиб, поданинг сутини ичмайди?!
8 Буларни фақатгина инсоний нуқтаи назардан айтаётганим йўқ! Мусонинг қонуни ҳам худди шундай буюради–ку!
9 Унда: “Ғалла янчаётган ҳўкизнинг оғзини тўсманг”, деб ёзилган–ку. Нима, Худо ҳўкизлар ҳақида қайғуряптими?!
10 Йўқ, Худо буни бизнинг манфаатимиз учун айтган. Ҳа, булар биз учун ёзилган. Шудгор қилувчи ҳам, ғалла янчувчи ҳам ўз ҳақини олиш умиди билан ишлайди–ку.
11 Биз руҳий жиҳатдан сизларга хизмат кўрсатсак–да, моддий ёрдамингизни бизга кўп кўрасизми?
12 Бошқалар сизларнинг ёрдамингиздан баҳраманд бўлаётган экан, бизнинг ҳақимиз уларникидан ҳам кўпроқ эмасми?! Лекин биз бу ҳуқуқимиздан фойдаланмадик. Аксинча, Масиҳнинг Хушхабарига тўсиқ бўлмайлик деб, ҳар нарсага чидаб юрибмиз.
13 Билмайсизларми, Маъбадда хизмат қилувчи руҳонийлар Маъбаддан овқат олиб ейдилар. Қурбонгоҳда хизмат қилувчилар келтириладиган қурбонликлардан улуш оладилар.
14 Шунингдек, Раббимиз Исонинг Ўзи буюргани бўйича, Хушхабар ёйиш вазифасини бўйнига олганлар бу иши орқали кун кечира олишлари керак.
15 Аммо мен бу ҳуқуқларимдан фойдаланмадим ва бундан фахрланаман. Бу хатни ўша ҳуқуқимдан фойдаланай, деб ҳам ёзаётганим йўқ. Менга фахрланиш ҳуқуқини бераётган сабабни йўқотишдан кўра, ўлганим яхшироқдир.
16 Мен Хушхабарни айтар эканман, бу билан мақтанишга ҳақим йўқ, чунки бу зиммамдаги вазифамдир. Аммо Хушхабарни ёймасам, менинг ҳолимга вой!
17 Мен буни ўз ташаббусим билан қилаётган бўлсам, мукофотга лойиқ бўлардим. Лекин мукофотга лойиқ эмасман, чунки бор–йўғи зиммамдаги вазифани бажаряпман, бу ишни қилишдан бошқа иложим йўқ.
18 У ҳолда менинг мукофотим нима? Мукофотим шундаки, мен Хушхабарни ёйганимда, ҳеч кимдан бирон нарса сўрамайман. Шунинг учун Хушхабарни ёйиш менга баъзи бир ҳуқуқларни берса–да, улардан фойдаланмайман.
19 Мен қул эмас, эркин инсон бўлсам–да, ҳаммага қулдай хизмат қилдим. Янада кўпроқ одам Исонинг шогирди бўлсин деб, шундай қилдим.
20 Ўша мақсадимни кўзда тутиб, яҳудийлар учун яҳудийдай бўлдим, Мусонинг қонунига тобе бўлмасам–да, бу қонунга тобе бўлганлар орасида худди улардай яшадим.
21 Мусонинг қонунини билмаганлар орасида бўлганимда, улар ҳам Исонинг шогирдлари бўлсин деб, худди шулардай яшадим. Тўғри, мен Худонинг қонунидан озод эмасман, Масиҳнинг амрларига тобеман.
22 Заиф инсонлар ҳам Исони танисинлар деб, уларнинг орасида бўлганимда заиф инсондай бўлдим. Ҳеч бўлмаса баъзиларни қай йўл билан бўлса–да, қутқарай деб, ҳаммага ҳамма нарса бўлдим.
23 Мен буларнинг ҳаммасини Хушхабарни ёйиш ниятида қиляпман, токи Хушхабар келтирадиган қут–баракалардан баҳраманд бўлай.
24 Биласизлар–ку, мусобақада кўпгина югурувчилар қатнашади, аммо фақат бир киши ғолиб келиб, мукофот олади. Сизлар ҳам шундай югурингки, мукофотни қўлга киритинглар.
25 Ахир, мусобақада қатнашадиган одам ўз нафсини тийиб, тартиб–интизом билан машқ қилади–ку! Улар сўлиб қоладиган гул тож олиш учун, биз эса боқий тож олиш учун ҳаракат қиламиз.
26 Шунинг учун мен мақсадсиз югурмайман, курашганимда зарбаларим аниқ бўлади.
27 Танамни чиниқтириб, уни ўз ихтиёримга бўйсундираман, токи бошқаларга Хушхабарни ваъз қилиб туриб, ўзим мукофотга нолойиқ бўлиб қолмайин.