ПАВЛУСНИНГ КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБИ
Кириш
Мазкур мактубни ҳаворий Павлус Коринфдаги жамоат билан кескин муносабатда бўлган бир пайтда, яъни Коринфдаги баъзи бир масиҳийлар Павлусга ҳар тарафдан ҳужум қилаётган вақтда ёзган. Павлуснинг Коринфга бориш режалари ўзгаргани боис, баъзи Коринфликлар уни ишончсиз, ўз сўзида турмайдиган инсон, деб айтишарди. Яна баъзи бирлари Павлуснинг ҳаворийлигига шубҳа қилишарди. Бундай иғволар ўзларини ҳаворий деб атаган сохта устозлардан келиб чиққан эди. Павлус бу мактубни Коринф жамоатининг ишончини ва ҳурматини қозониш ниятида ёзган. Мактубнинг дастлабки қисмида (1-7–боблар) Павлус ўзининг Коринфликлар билан бўлган муносабати ҳақида ёзиб, нима сабабдан уларнинг жамоатидаги баъзи бир одамларга қаттиқ гапирганини тушунтиради. Мана шу қаттиқ муомала натижасида муносабатлар қайта тикланганидан қанчалик хурсанд эканини мактуб давомида ифода этади. Шундан кейин (8-9–боблар) у Коринфдаги жамоатни Қуддусдаги муҳтож бўлган биродарларга сахийлик билан эҳсон беришга ундайди. Мактубнинг охирги қисмида (10-13–боблар) Павлус ўзининг ҳақиқий ҳаворий эканини, сохта ҳаворийларнинг айтган гаплари ёлғон эканини далиллар орқали исботлашга ҳаракат қилади. Павлус Худога хизмат қилиб, кўплаб қийинчилигу азоб–уқубатларга қарамай, одамларга Худонинг Хушхабарини етказишга ҳаракат қилади. Мазкур мактубда у жамоатнинг тавба қилган аксарият аъзоларига ўз миннатдорчилигини изҳор қилади, итоатсизларни эса тартибга чақириб, ўзининг етакчи сифатидаги ҳокимиятини тан олишларига даъват қилади. Павлус бир неча бор ўз шахсияти, намунали ҳаёти, Худо томондан танланганлигини ва Масиҳга хизмат қиладиган ҳаворий эканлигини таъкидлайди.