Колосаликларга мактуб 2 bob
1 Мен сизлар учун, шунингдек, Лаодикия шаҳридагилар ҳамда мени шахсан кўрмаган имонлиларнинг ҳаммаси учун нақадар зўр ғайрат билан меҳнат қилаётганимни билишингизни истайман.
2 Мақсадим шуки, сизлар дадил бўлинг, муҳаббат ришталари сизларни бирлаштирсин, Худонинг сири — Масиҳ ҳақида чуқур ва бой тушунчага эга бўлинг.
3 Чунки донолик ва илму маърифатнинг ҳамма хазиналари Масиҳда пинҳондир.
4 Ҳеч ким сизларни тилёғламалик билан йўлдан оздирмасин деб, мен сизларга шуларни айтяпман.
5 Гарчи мен жисман сизларнинг орангизда бўлмасам ҳам, хаёлан сиз билан биргаман. Сизларнинг тартиб–интизомингиз ва Масиҳга бўлган соғлом имонингизни кўриб севиняпман.
6 Сизлар Исо Масиҳни Раббимиз деб қабул қилган экансизлар, доимо У кўрсатган йўлдан юраверинг.
7 Олган таълимотингизга мувофиқ, Масиҳда томир ёйиб, қарор топинг. Имонингизда қаттиқ туринг, Худога шукроналар тилингиздан тушмасин.
8 Эҳтиёт бўлинглар, ҳеч ким фалсафа ва қуруқ сафсаталар билан сизларни аврамасин. Бундай гаплар Масиҳга эмас, балки инсонларнинг анъанасига, дунёнинг хурофий кучларига асосланади.
9 Худо Ўзининг бутун борлиғи билан тўла–тўкис Масиҳнинг вужудида мавжуддир.
10 Масиҳга тегишли бўлганингиз учун ҳаётингиз тўла–тўкис, чунки У ҳар қандай куч ва ҳокимиятдан устундир.
11 Масиҳ орқали сизлар суннат қилиндингиз, бу жисмоний суннат эмас, балки Масиҳ орқали қилинадиган суннат, яъни гуноҳкор табиатнинг кесиб ташланишидир.
12 Сувга чўмдирилиш орқали Масиҳ билан бирга кўмилдингиз. Масиҳни ўликдан тирилтирган Худонинг қудратига бўлган имонингиз туфайли Масиҳ билан бирга тирилдингиз.
13 Илгари сизлар суннатсиз, гуноҳга ботган бўлиб, руҳан ўлик эдингизлар. Энди эса Худо барча гуноҳларингизни кечириб, сизларни Масиҳ билан бирга тирилтирди.
14 Бизга қарши ёзилган айблов ҳукмини Худо бекор қилди, яъни ўша ҳукмни хочга михлаб, кучдан қолдирди.
15 Ўша хоч орқали коинотдаги кучлару ҳукмронликлар устидан ғалаба қозониб, уларни қуролсизлантирди. Ўзининг ғолибона юришида уларнинг тутқун эканлигини намойиш этиб, шарманда қилди.
16 Шунинг учун егулик–ичгулик, диний байрамлар, янги ой шодиёналари ёки Шаббат куни хусусида ҳеч ким сизларга қонун–қоида чиқармасин.
17 Ўша урф–одатлар келажакнинг шарпасигина, холос, аммо ҳақиқий ҳаёт Масиҳдадир.
18 Шундай экан, диндорликка берилиб, ўзини мўминликка соладиганлар, фаришталарга сиғинадиганлар сизларни камситса, эътибор берманглар. Улар кўрган ваҳийлари билан мақтанадиган, ақл–заковати билан мағрурланадиган одамлардир.
19 Бундай кишилар Масиҳдан ажралган. Масиҳ — Ўз танаси, яъни жамоатнинг Бошидир. Мана шу Бошдан бутун бадан ҳаётбахш куч олиб, паю бўғинлар орқали ўзаро уланиб, Худонинг хоҳиши бўйича ўсади.
20 Агар сизлар Масиҳ билан бирга ўлган бўлсангизлар, дунёнинг хурофий кучлари учун ҳам ўлган бўласизлар. Ундай бўлса яна нимага бу дунёга қул бўлиб,
21 “тегма”, “ема”, “ушлама” деган қонун–қоидаларга бўйсунасизлар?!
22 Бу инсоний таълимотлар ва қоидалар ишлатилган сари йўқ бўлиб кетадиган нарсалар ҳақида–ку!
23 Гарчи бу қоидалар келтириб чиқарган диндорлик, ўзини мўмин қилиб кўрсатиш, баданни қийнаш одамларга ҳикматдай туюлса–да, аслида улар шаҳвату нафсга бўлган иштиёқни кўпайтиради.