Колосаликларга мактуб 4 bob
1 Эй хўжайинлар, сизнинг ҳам самода Хўжайинингиз борлигини билиб, қулларингизга одил ва тўғри муомала қилинг.
2 Доим ибодат қилинг. Ибодатда ҳушёр бўлиб, шукроналар келтиринг.
3 Шунингдек, бизлар учун ҳам ибодат қилинглар: биз Худонинг каломини эълон қилишимиз ва Масиҳ сирини баён этишимиз учун Унинг Ўзи бизга йўл очиб берсин. Мен ана шу сир туфайли қамоқдаман.
4 Бу сирни муносиб равишда изҳор эта олишимни Худодан сўранглар.
5 Фурсатни ғанимат билиб, имонлилар қаторига қўшилмаганларга нисбатан оқилона йўл тутинглар.
6 Улар билан қандай гаплашишни сизларга ўргатай: улар билан гаплашганингизда сўзингиз ҳамиша ёқимли ва мазмунли бўлсин.
7 Мен ҳақимдаги барча янгиликларни Раббимиз Исонинг содиқ хизматкори, ҳамкорим ва суюкли биродарим Тихикус сизларга айтиб беради.
8 Сизларга далда бериб, ҳол–аҳволимизни сизларга билдирсин деб, мен уни сизларнинг олдингизга жўнатяпман.
9 Тихикус билан бирга олдингизга содиқ ва севимли биродаримиз, ҳамшаҳарингиз Ўнисимус ҳам боради. Улар бу ерда бўлиб ўтган ҳамма нарсани сизларга айтиб беришади.
10 Мен билан бирга қамалган Аристархус ва Барнабонинг жияни Марк ҳам сизларга салом йўллаяптилар. Марк ҳақида йўл–йўриқ олгансизлар: агар олдингизга борса, уни яхши қабул қилинглар.
11 Ёшуа, яъни Юстус ҳам сизларга салом йўллаяпти. Худонинг Шоҳлиги йўлида меҳнат қилаётган булардан бошқа яҳудий ҳамкорларим йўқ. Улар менга тасалли бўлиб келмоқдалар.
12 Исо Масиҳнинг қули, ҳамшаҳарингиз Эпафрас сизларга салом йўллаяпти. Худонинг иродасини тўлиқ бажарадиган, имони комил инсонлар бўлинглар деб, Эпафрас зўр ғайрат билан, тинмай сизлар учун ибодат қилмоқда
13 У сизлар учун ҳамда Лаодикия ва Ҳейраполис шаҳарларидаги имонлилар учун не–не заҳматлар чекканига ўзим шоҳидман.
14 Севимли табиб Луқо ва Димас сизларга салом йўллашяпти.
15 Лаодикия шаҳридаги биродарларга, айниқса, Нимфага ва унинг уйида йиғиладиган жамоатга салом айтинглар.
16 Сизларга ёзган бу мактубимни ўқиганингиздан кейин, уни Лаодикиядаги жамоат ҳам ўқисин. Сизлар эса Лаодикия жамоатига ёзган мактубимни ўқинглар.
17 Архиппусга: “Раббимиз Исо зиммангга юклаган хизматни охирига етказгин”, — деб айтиб қўйинглар.
18 Мен, Павлус, мана шу мактубнинг якунини ўз қўлим билан ёзяпман. Қамоқда эканлигимни эсдан чиқарманглар. Худонинг инояти сизларга ёр бўлсин.