ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ
Кириш
Мазкур мактуб муаллифи ўзи ҳақида ҳеч қандай маълумот қолдирмаган. Аммо мактубнинг мазмунидан муаллиф — Таврот қонунларини мукаммал биладиган, масиҳийларнинг орасида обрў–эътибор қозонган яҳудий эканини кўришимиз мумкин. Мазкур мактуб хат услубида эмас, кўпроқ нутқ услубида ёзилган бўлиб, кўнгилни кўтарувчи далда сўзларга, танбеҳ ва насиҳатларга бойдир. Муаллиф ушбу мактубини Исо Масиҳга имон келтирган яҳудийларга йўллаган. Масиҳга имон келтирган яҳудийлар ўша даврда кўп қаршиликларга дуч келиб, яҳудий динига қайтмоқчи бўлганлар. Муаллиф эса уларга далда бериб, Исо Масиҳга бўлган имонни маҳкам тутишга ва охиригача Унга содиқ қолишга ундайди. Мактубда Исо Масиҳнинг улуғворлигига алоҳида урғу берилади. У фаришталардан ҳам, қадимги пайғамбарлардан ҳам, эски аҳд қонунларини жорий қилган Мусодан ҳам, руҳонийлардан ҳам улуғ ва ҳар жиҳатдан юксак эканлиги кўрсатилади. Исо Масиҳ Худо томонидан танланган абадий Олий руҳонийдир. Шу сабабдан муаллиф китобхонларнинг бутун эътиборини Олий руҳоний Исо Масиҳга қаратади. Зеро, У инсонларни гуноҳдан халос этиш учун хочда ўлди, сўнг тирилиб, осмонга кўтарилди. У инсонлар учун Худонинг ҳузурига йўл очиб берди, янги аҳднинг воситачиси бўлди. Модомики, эски аҳд даврида айтилган барча башоратлар ва Худонинг ваъдалари бу янги аҳдда амалга ошган экан, Исо Масиҳ бизни чексиз қут–баракалардан баҳраманд қилди. Масиҳнинг эзгулигини татиб кўрган бўлса ҳам, имондан қайтган ва шу орқали Масиҳни оёқ ости қилган одамларни муаллиф қатъий огоҳлантиради. Сабоқ тариқасида у ўтмишдаги итоатсиз одамларнинг қисматини мисол қилиб келтиради, улар Худодан қандай жазо олганини китобхонга эслатиб ўтади. Бундан ташқари, ўтмишдаги имон қаҳрамонларининг ҳаётини намуна тариқасида келтиради. Уларни Худога бўлган садоқати учун олқишлайди. Шу орқали муаллиф имонлиларни Масиҳга содиқ қолишга ва барча синовларга бардош беришга ундайди. Мактуб давомида кундалик ҳаётга оид амалий кўрсатмалар ҳам берилади.