Ибронийларга мактуб 11 bob
1 Имон — умид қилинган нарсаларнинг амалга ошишига ишониш, кўринмайдиган нарсаларга амин бўлиш демакдир.
2 Имон туфайли ота–боболаримиз Худонинг мақтовига сазовор бўлдилар.
3 Имон туфайли биз коинот Худонинг каломи билан яратилганини англаб оламиз, кўринадиган моддалар кўринмайдиган воқеликдан вужудга келганини биламиз.
4 Имони туфайли Ҳобил Худога, Қобилдан кўра, яхшироқ қурбонликни келтирди. Худо Ҳобилнинг қурбонлигидан мамнун бўлиб, Ҳобилни имони туфайли солиҳ киши деб билди. Ҳобил ўлган бўлса ҳам, унинг имони ҳануз бизга намуна бўлиб хизмат қиляпти.
5 Имони туфайли Ханўх ўлмади. У тириклайин осмонга кўтарилиб кетди. Ханўх бирданига ғойиб бўлиб қолганди, чунки Худо уни олиб кетган эди. Муқаддас битикларда айтилишича, Худо Ханўхни олиб кетмасдан олдин ҳам ундан мамнун эди.
6 Ишонмаган одам ҳеч қачон Худони мамнун қила олмайди. Ахир, Худога сажда қилаётган ҳар ким Худонинг борлигига ишониши керак, Худога юз бурганларга Худонинг Ўзи мукофот беришига у амин бўлиши керак.
7 Имони туфайли Нуҳ оиласини қутқариш учун кема қурганди. У мисли кўрилмаган кулфат ҳақидаги Худонинг огоҳлантиришларини эшитиб, Худодан қўрқиб, Унга қулоқ солганди. Қилган бу иши билан у Худонинг бутун дунё устидан чиқарган ҳукмини эълон қилди. Худо уни имони туфайли солиҳ киши деб билди.
8 Имони туфайли Иброҳим Худога итоат қилди. Худо унга: “Мен сенга мулк қилиб берадиган ерга бор”, деб буюрганда, Иброҳим қаерга кетаётганини билмасдан йўлга тушди.
9 Имони туфайли у Худо ваъда қилган ерда ўрнашди, мусофир бўлиб, чодирларда яшади. Унинг ўғиллари Исҳоқ ва Ёқуб ҳам у каби кун кечиришди, чунки Худо уларга ҳам худди ўша ваъдани берганди.
10 Нега Иброҳим бундай қилди? Чунки у Худо томонидан лойиҳалаштирилган ва қурилган, пойдевори мустаҳкам, боқий шаҳарни кутаётган эди.
11 Ўзи қариб кетган, хотини Сора эса бепушт бўлганига қарамай, Иброҳим имони туфайли фарзанд кўрди. Чунки фарзандни ваъда қилган Худо садоқатли эканига у ишонарди.
12 Шунинг учун бир оёғи гўрда бўлган бу битта одамдан осмондаги юлдузлардай, денгиз қирғоғидаги қумдай сон–саноқсиз насл келиб чиқди.
13 Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб оламдан ўтдилар, аммо Худо берган ваъдасини бажаришига улар ишонардилар. Улар Худо ваъда қилган юртга эришмадилар, аммо ўша юртни узоқдан кўриб, хурсанд бўлган эдилар. Улар бу дунёда келгинди ва мусофир эканликларини очиқчасига тан олдилар.
14 Мусофирлигини тан олган одамлар ўзларининг ҳақиқий ватанини қўмсаётганини кўрсатадилар.
15 Борди–ю, улар келиб чиққан юртини қўмсаган бўлганларида эди, у ерга қайтиб бориш учун иложини топган бўлар эдилар.
16 Аслида улар яхшироқ юртни, яъни самовий ватанни қўмсаётган эдилар. Шунинг учун Худо Ўзини уларнинг Худоси деб аташдан ор қилмайди. Худо ҳатто улар учун бир шаҳар ҳозирлаган эди.
17 Худо Иброҳимни синовдан ўтказаётганда, Иброҳим ўз имони туфайли ўғли Исҳоқни қурбонликка олиб борди.
18 Гарчи Худо унга: “Мен сенга ваъда қилган наслинг Исҳоқ орқали келиб чиқади”, — деб ваъда берган бўлса–да, у ягона ўғлини қурбонлик қилишга тайёр эди.
19 Демак, Худо ҳатто ўликларни ҳам тирилтиришга қодир эканлигига Иброҳим ишонарди. Шунинг учун Худо Исҳоқни Иброҳимга тириклайин қайтариб берди. Исҳоқ ўликдан тириладиган ҳамма одамларнинг рамзи бўлиб хизмат қилади.
20 Имони туфайли Исҳоқ ўз ўғиллари Ёқуб ва Эсовни дуо қилди. Келажакда дуолари амалга ошишига у ишонганди.
21 Имони туфайли Ёқуб ҳам Юсуфнинг ўғилларини бирма–бир дуо қилди. У оламдан кўз юмаётганда ҳам, ўз ҳассасига суянганича, Худога сажда қилди.
22 Имони туфайли Юсуф Исроил халқининг Мисрдан чиқиб кетиши тўғрисида башорат қилди. У ўша пайтда ўлим тўшагида ётган бўлиб: “Менинг суякларимни ўзларингиз билан бу ердан олиб кетинглар”, деб васият қилганди.
23 Имони туфайли Мусонинг ота–онаси янги туғилган Мусони уч ой яширишди. Улар чақалоқнинг чиройли эканлигини кўриб, фиръавннинг фармонидан қўрқишмади.
24 Мусо вояга етганда имони туфайли фиръавн қизининг ўғли деб аталишни рад этди.
25 У гуноҳ қилиб, вақтинчалик ҳузур–ҳаловатда яшашдан кўра, Худонинг халқи билан бирга азоб–уқубат чекишни ўзига раво кўрди.
26 У келажакдаги мукофотни кўзлагани учун Масиҳни деб хўрланишни Мисрнинг хазиналаридан афзал деб билди.
27 Имони туфайли Мусо Мисрни тарк этди. У фиръавннинг ғазабидан қўрқмади. Гўё кўринмас Худони кўргандек, танлаган йўлидан қайтмади.
28 Имони туфайли у Исроил халқига Фисиҳ қўзиларини сўйишни буюрди. Сўнг қўзиларнинг қонини эшиклар кесакиларига сепишни буюрди. Бундан мақсади Исроил халқининг тўнғич ўғилларини Азроилдан асраб қолиш эди.
29 Имони туфайли Исроил халқи Қизил денгиздан худди қуруқликдан ўтаётгандек кечиб ўтди. Мисрликлар ҳам ўтмоқчи бўлишди, аммо чўкиб кетишди.
30 Исроил халқи етти кун Ерихо шаҳри деворлари атрофида айланиб бўлгандан кейин, уларнинг имони туфайли шаҳар деворлари қулаб тушди.
31 Имони туфайли фоҳиша Раҳоба ҳалок бўлмади. У айғоқчиларга меҳмондўстлик қилгани учун Худога итоат қилмаган ҳамшаҳарлари билан бирга ўлмади.
32 Яна кимни мисол қилиб келтирай?! Гидўн, Барақ, Шимшўн, Йифтох, Довуд, Шомуил ва бошқа пайғамбарлар ҳақида ҳикоя қилиш учун вақтим етарли эмас.
33 Имони туфайли улар шоҳликларни босиб олдилар, давлатни адолат билан бошқардилар ва Худо берган ваъдаларга эришдилар. Шерларнинг* жағларини ёпдилар,
34 ловуллаган оловни ўчирдилар ва қилич тиғидан омон қолдилар. Ҳолдан тойган пайтларида кучга тўлдилар, жангда баҳодирлик кўрсатдилар ва ўзга юрт лашкарларини тор–мор қилдилар.
35 Аёллар марҳум қариндошларини тирилган ҳолда қайтариб олдилар. Бошқалар эса имони туфайли қийноқларни бошдан кечирдилар. Улар Худодан воз кечиб, ўлимдан қутулишлари мумкин эди. Аммо улар бундай қилмадилар, чунки аълороқ нарсани, яъни абадий ҳаёт учун тирилишни умид қилган эдилар.
36 Улардан баъзилари ҳақорату калтакларга чидадилар, баъзилари занжирбанд бўлиб, зиндонларда ётдилар.
37 Уларни тошбўрон қилдилар, таналарини арралаб иккига бўлдилар, қиличдан ўтказдилар. Улар қўй ва эчки пўстинларини кийиб, сарсон–саргардон бўлдилар, муҳтожликда яшадилар, зулм остида қолдилар, хор бўлдилар.
38 Улар чўл–саҳроларда, тоғ–тошларда дайдиб юрдилар, ғорларда, ернинг кавакларида яшириндилар. Аслида дунё уларнинг тирноғига ҳам арзимас эди!
39 Улар имони туфайли Худонинг мақтовига сазовор бўлдилар. Шундай бўлса–да, Худонинг ваъдасига эришмадилар.
40 Худога содиқ қолган бу одамларни Худо биз билан бирга баркамол қилишни истади. Чунки У бизни ҳам ўйлаган ҳолда аълороқ режани тайёрлаб қўйганди.