Ибронийларга мактуб 5 bob
1 Ҳар бир олий руҳоний инсонлар орасидан танлаб олинади. У Худога гуноҳлар учун назрлар ва қурбонликлар келтириб, халқ вакили бўлиб хизмат қилади.
2 Ғафлатда гуноҳ қилиб қўйган одамларни олий руҳоний тушунади, чунки у ўзи ҳам инсон, камчиликлари бор.
3 Шу сабабдан у нафақат халқнинг гуноҳлари учун, балки ўзининг гуноҳлари учун ҳам қурбонликлар келтириши зарур.
4 Ҳеч ким ўз хоҳиши билан олий руҳоний бўла олмайди, балки Ҳорунга ўхшаб Худо томонидан тайинланади.
5 Шу тариқа, Масиҳ ҳам олий руҳонийлик шарафига интилмади, бундай мартабага У даъвогарлик қилмади. Аксинча, Унга: “Сен Менинг Ўғлимсан, Бугун Мен Сенга Ота бўлдим”, — деб айтган Худо Уни Олий руҳоний қилиб тайинлади.
6 Зеро, бошқа бир жойда Худо Унга шундай деган: “Сен Маликсидиқ сингари, То абад руҳонийсан.”
7 Масиҳ бу дунёда яшаган пайтда кўз ёш тўкиб, Худога фарёд қилди, Унга илтижо қилиб ёлворди. Чунки Худо Уни ўлимдан қутқаришга қодир эканлигини Масиҳ билар эди. У Худони юксак даражада эъзозлагани учун Унинг илтижоси ижобат бўлди.
8 Гарчи У Худонинг Ўғли бўлса ҳам, азоб–уқубат чекиб, итоаткорликнинг асл маъносини англади.
9 Худо азоблар орқали Масиҳни баркамол қилди. Шундай қилиб, Унга итоат қилганларнинг ҳаммаси учун Масиҳ абадий нажот манбаи бўлди.
10 Худо Масиҳни “Маликсидиқ сингари Олий руҳоний” деб эълон қилди.
11 Олий руҳонийимиз ҳақида сизларга яна кўп гапирган бўлардим–у, аммо қандай қилиб сизларга тушунтиришни билмайман, чунки сизнинг ақлингиз ўтмас бўлиб қолган.
12 Сизлар ўзларингиз аллақачон устозлик қилишингиз керак эди! Аммо сиз бошқаларга эмас, бошқалар сизларга Худо каломининг илк асосларини ўргатишлари керак. Сизлар ҳали ҳам сутга муҳтожсиз! Қуюқ овқатни ҳазм қила олмайсиз.
13 Сут билан озиқланадиган ҳар бир киши ҳали чақалоқ. У тўғри билан нотўғрининг фарқига бормайди.
14 Қуюқ овқат эса улғайганлар учундир. Улар тажриба орттириб, яхшини ёмондан фарқлай оладилар.