Ибронийларга мактуб 8 bob
1 Айтган гапларимизнинг мағзи қуйидагича: бизнинг шундай Олий руҳонийимиз борки, У самода, Улуғвор Худо тахтининг ўнг томонида ўтирибди.
2 У самодаги ҳақиқий Чодирнинг Энг муқаддас хонасида хизмат қиляпти. Бу Чодирни инсон эмас, балки Эгамизнинг Ўзи қурган.
3 Ҳар бир олий руҳоний Худога назрлар ва қурбонликлар келтириш учун тайин этилади. Шундай экан, бизнинг Олий руҳонийимизнинг ҳам келтирадиган бирор назри бўлиши лозим эди.
4 Агар У ер юзида бўлганда эди, умуман руҳоний бўлолмас эди. Чунки Мусонинг қонунида буюрилган назрларни келтирувчи руҳонийлар бор.
5 Улар ер юзидаги Муқаддас чодирда хизмат қиладилар. Бу Чодир бор–йўғи самодаги ҳақиқий Чодирнинг нусхаси ва соясидир. Негаки, Худо Мусога Чодир қуришни буюрганда, унга шундай деганди: “Эҳтиёт бўл, ҳамма нарсани Мен сенга тоғда кўрсатган намунага мувофиқ ясат.”
6 Аммо Исога берилган руҳонийлик хизмати бошқа руҳонийларникига қараганда буюкдир. Чунки Унинг воситасида тузилган янги аҳд аввалги аҳддан улуғроқ ва аълороқ ваъдаларга асосланган.
7 Дарвоқе, агар аввалги аҳд камчиликсиз бўлганда эди, янги аҳд керак бўлмасди.
8 Одамлар аввалги аҳд талабларини бажара олмасликларига Худонинг кўзи етиб, У Ўз халқига шундай деган эди: “Шундай кунлар келадики, Мен Исроил ва Яҳудо халқлари билан янги аҳд тузаман.
9 Бу янги аҳд Мен уларнинг ота–боболари билан тузган аҳдга ўхшамайдиган бўлади. Мен ота–боболарини қўлидан етаклаб, Мисрдан олиб чиққанимда, улар билан аҳд тузган эдим. Аммо улар ўша аҳдимга риоя қилишмади, шунинг учун Мен улардан юз ўгирдим.
10 Мен келажакда Исроил халқи билан тузадиган аҳд шундай бўлади: Мен қонунларимни одамларнинг онгига солиб қўяман, қонунларимни уларнинг юракларига ёзаман. Мен уларнинг Худоси, улар эса Менинг халқим бўладилар.
11 Шундан кейин одамлар бир–бирига: «Эгамизни таниб–билинг», демайдиган бўлишади. Чунки уларнинг ҳаммаси — каттасидан тортиб, кичигигача Мени биладиган бўлади.
12 Мен уларнинг айбларини кечираман, гуноҳларини ҳеч қачон эсга олмайман.”
13 Худо янги аҳдни тилга олганда, аввалги аҳднинг эскириб кетганлигини кўрсатди. Эскирган нарса эса тез орада йўқ бўлиб кетади.