Ваҳий 7 bob
1 Шундан кейин мен ер юзининг тўрт бурчагида турган тўрт нафар фариштани кўрдим. Улар тўрт шамолни тутиб турар эдилар. Шамолнинг эсишига, ерга, денгизга, бирон дарахтга тегишига йўл қўймас эдилар
2 Сўнгра мен шарқдан келаётган бошқа бир фариштани кўрдим. У барҳаёт Худонинг муҳрини олиб келаётган эди. Еру денгизга зарар етказиш қудрати берилган тўртта фариштага у баланд овозда шундай хитоб қилди:
3 “Ерга, денгизга ва дарахтларга зарар етказмай туринглар. Худойимизнинг қуллари пешаналарига биз муҳр босиб олайлик!”
4 Мен муҳр босилган кишиларнинг сонини эшитдим. Исроил қабилаларининг барчасидан 144.000 кишига муҳр босилган эди:
5 Яҳудо қабиласидан 12.000 киши, Рубен қабиласидан 12.000, Гад қабиласидан 12.000,
6 Ошер қабиласидан 12.000, Нафтали қабиласидан 12.000, Манаше қабиласидан 12.000,
7 Шимўн қабиласидан 12.000, Леви қабиласидан 12.000, Иссахор қабиласидан 12.000,
8 Забулун қабиласидан 12.000, Юсуф қабиласидан 12.000, Бенямин қабиласидан 12.000 киши.
9 Шундан кейин мен саноғига етиб бўлмайдиган катта бир оломонни кўрдим. Турли хил халқ, қабила, элату миллатларга мансуб бўлган бу одамлар тахт олдида, Қўзининг ҳузурида туришарди. Ҳаммасининг эгнида оқ либос, қўлларида пальма дарахти шохлари бор эди.
10 Улар овозлари борича шундай ҳайқиришарди: “Тахтда ўтирган Худойимиз билан Қўзи нажот бериш қудратига эгадирлар!”
11 Ҳамма фаришталар тахт атрофида, оқсоқоллар ва тўртта мавжудот атрофида турар эдилар. Улар тахт олдида мук тушиб, Худога сажда қилган ҳолда ,
12 шундай дейишарди: “Омин! Худойимизга ҳамду санолар бўлсин! Донолигу куч–қудрат Соҳибига Абадулабад шукронаю шон–шарафлар бўлсин! Омин.”
13 Оқсоқоллардан бири мендан сўради: — Оқ либос кийган бу одамлар ким? Улар қаердан келганлар?
14 — Тақсир, буниси ўзингизга аён, — дея жавоб бердим мен. У менга шундай деди: — Булар қаттиқ қувғинлардан ўтиб келганлар. Улар либосларини Қўзининг қони билан ювиб оқартирганлар.
15 Шунинг учун улар Худонинг тахти олдида турадилар ва Унинг Маъбадида кеча–кундуз хизмат қиладилар. Тахтда Ўтирган эса уларни Ўз паноҳида асрайди.
16 Улар энди оч қолмайдилар, чанқамайдилар. Қуёш ҳам, офтоб ҳам уларни урмайди.
17 Зотан, тахт олдида турган Қўзининг Ўзи уларга чўпонлик қилади. Уларни ҳаётбахш сув булоқларига олиб боради. Худо уларнинг кўзидаги ҳар бир томчи ёшни артиб қўяди.