Ҳакамлар 13 bob
1 Исроил халқи яна Эгамизнинг олдида қабиҳ ишлар қилгани учун, Эгамиз уларни қирқ йилга Филист халқининг қўлига берди.
2 Ўша замонда Зорохлик бир одам бор эди. У Дан қабиласидан бўлиб, исми Монувах эди. Унинг хотини бепушт бўлиб, фарзанди йўқ эди.
3 Бир куни Эгамизнинг фариштаси аёлга зоҳир бўлиб шундай деди: “Сен шу пайтгача бола кўришга ожиз эдинг, аммо кўп ўтмай сен ҳомиладор бўлиб, ўғил туғасан.
4 Шароб ва ўткир ичимликларни энди ича кўрма, ҳаром нарсани ҳам ема,
5 чунки сен ҳомиладор бўлиб, ўғил кўрасан. Бола туғилиши биланоқ Худога назр қилингай, шунинг учун боланинг бошига устара тегмасин. Исроилни Филистларнинг қўлидан озод қилишни бошлайдиган ўшадир.”
6 Кейин аёл эрининг олдига бориб деди: “Олдимга Худонинг бир одами келди, унинг кўриниши худди Худонинг фариштасига ўхшаган жуда қўрқинчли эди. Унинг қаердан келганини сўрамабман. Ўзи ҳам менга исмини айтмади.
7 Унинг гапига қараганда, мен ҳомиладор бўлиб, ўғил кўрар эканман. Бола туғилиши биланоқ бир умрга Худога назр қилинар экан, шунинг учун мен шаробни ҳам, ўткир ичимликни ҳам, ҳаром нарсани ҳам оғзимга олишим мумкин эмас экан.”
8 “Ё Раббий, — дея Эгамизга ёлворди Монувах, — ўша одамингни яна олдимизга юборишингни илтижо қилиб сўрайман. У келиб, бўлажак ўғлимизга нима қилишимиз кераклигини ўргатиб кетсин.”
9 Монувахнинг ибодати ижобат бўлди. Аёл далада ўтирган бир пайтда Худонинг фариштаси яна аёлнинг олдига келди. Аммо ўша пайтда Монувах у ерда йўқ эди.
10 Аёл шошиб–пишиб эрининг олдига югурди–да: “Тунов кун олдимга келган одам яна менга зоҳир бўлди!” — деб айтди. 11 Монувах туриб хотинига эргашди. Ўша одамнинг олдига келиб: — Бу аёлга гапирган сизмидингиз? — деб сўради. — Ҳа, мен эдим, — дея жавоб берди у.
11 Монувах туриб хотинига эргашди. Ўша одамнинг олдига келиб: — Бу аёлга гапирган сизмидингиз? — деб сўради. — Ҳа, мен эдим, — дея жавоб берди у
12 — Айтганларингиз амалга ошганидан сўнг, бола қай тарзда яшаши керак? У нима иш қилади? — деб сўради Монувах.
13 Эгамизнинг фариштаси Монувахга шундай деб жавоб берди: — Хотининг айтганларимнинг ҳаммасини сўзсиз бажарсин.
14 Узумдан тайёрланган биронта нарсани ҳам оғзига олмасин. Шароб ва ўткир ичимликларни ичмасин, ҳеч қандай ҳаром нарса емасин. Айтганларимнинг ҳаммасига риоя қилсин.
15 Монувах Эгамизнинг фариштасига: — Бир оз кутиб турсангиз, сизга бир улоқча тайёрлаб берсам, — деди.
16 — Кутганим билан, барибир, таомингни емайман, — деди Эгамизнинг фариштаси. — Лекин улоқчани куйдириладиган қурбонлик қилмоқчи бўлсанг, уни Эгамизга бахшида эт. Монувах у Эгамизнинг фариштаси эканлигини билмаганди.
17 Кейин Монувах Эгамизнинг фариштасига: — Бизга исмингизни айтинг. Токи айтганларингиз рўёбга чиққанда, сизни дуо қилиб юрайлик, — деди.
18 Эгамизнинг фариштаси эса: — Нега исмимни сўраяпсан? Айтганим билан барибир унга ақлинг етмайди, — деди.
19 Монувах Эгамизга атаб, улоқчани катта бир тошнинг устида қурбонлик қилиб куйдирди, унга қўшиб дон назри ҳам куйдирди. Шу онда Монувах ва унинг хотини олдида Эгамиз ажойиб бир мўъжиза яратди:
20 қурбонгоҳ алангаси осмонга чирмашаётган эди. Эгамизнинг фариштаси ҳам алангага қўшилиб юқорига кўтарилиб кетди. Буни кўрган Монувах билан хотини ерга мук тушишди.
21 Фаришта кўздан ғойиб бўлди–ю, бошқа уларга кўринмади. Шундан кейин Монувах ўша одам Эгамизнинг фариштаси эканлигини англади.
22 Монувах хотинига: — Биз ўламиз, чунки биз Худони кўрдик! — деди.
23 — Агар Эгамиз бизни ўлдирмоқчи бўлганда, дон назри ва қурбонлигимизни қабул қилмаган бўларди, — деди хотини. — Бу мўъжизаларни бизга кўрсатиб, бундай нарсаларни айтиб ўтирмаган бўларди.
24 Аёл ўғил кўрди, унинг исмини Шимшўн қўйди. Бола катта бўлди, Худо эса уни ёрлақади.
25 Шимшўн Зорох билан Эштойўл шаҳарлари орасидаги Дан қабиласининг қароргоҳида бўлганда, Эгамизнинг Руҳи уни бошқара бошлади.