Ҳакамлар 21 bob
1 Исроил халқи Миспахдаги йиғинда: “Биронтамиз ҳам Бенямин қабиласига қиз узатмаймиз”, — деб онт ичган эди.
2 Бенямин қабиласи билан бўлган урушдан кейин Исроил халқи Байтилга бориб, Худонинг ҳузурида кечгача ўтирди. Улар фарёд кўтариб:
3 й Исроил халқининг Худоси — Эгамиз, нега бундай кўргилик бошимизга тушди?! Нега Исроилнинг бир қабиласи йўқ бўлиб кетди?!” дея аччиқ–аччиқ йиғладилар.
4 Эртаси куни одамлар барвақт туриб, у ерда қурбонгоҳ қурдилар. Улар куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликларини келтирдилар.
5 Кейин бир–бирларидан: “Исроил қабилаларидан Эгамиз ҳузурида ўтказилган йиғинга келмаганлар борми?” деб сўрадилар. Чунки улар, Миспахда — Эгамиз ҳузурида ўтказилган йиғинда иштирок этмаган ҳар бир кишининг жазоси ўлимдир, деб қатъий бир қасам ичган эдилар.
6 Исроил халқи ўз жигари бўлган Бенямин қабиласига ачиниб: “Эвоҳ, бугун Исроилнинг бир қабиласи йўқ бўлди”, дея кўп ўкинди.
7 “Ўша қабиладан фақатгина бир нечта йигит омон қолди, холос. Энди улар учун қаердан қиз топамиз? Биронтамиз уларга қиз узатмаймиз, деб Эгамизнинг номи билан қасам ичган эдик–ку!”
8 Исроил халқи: “Миспахдаги йиғинда қатнашмаганлар борми?” дея суриштира бошлади. Шунда Гиладдаги Ёбош шаҳрининг аҳолиси йиғинда қатнашмаганлиги маълум бўлди.
9 Чунки йўқлама қилинганда ўша шаҳардан ҳеч ким йўқ эди.
10 Бутун жамоа ўн икки минг жангчини танлаб, уларга: “Боринглар, Гиладдаги Ёбош шаҳрининг бутун аҳолисини қириб ташланглар, хотину бола–чақаларини ҳам аяманглар!” деди.
11 “Ҳар бир эркак ва эр кўрган ҳар бир аёл ўлдирилсин.”
12 Жангчилар Ёбош аҳолисининг орасидан тўрт юзта эр кўрмаган, ёш бокира қизни топиб, уларни Канъон юртидаги Шилў қароргоҳига олиб келдилар.
13 Кейин бутун жамоа Риммон қоясидаги Бенямин одамларига хабар юбориб, тинчлик эълон қилди.
14 Бенямин одамлари ўз уйларига қайтиб боришди. Исроил халқи Гиладдаги Ёбош аҳолисининг омон қолган қизларини уларга турмушга берди. Аммо қизларнинг сони Бенямин одамларига қараганда камроқ эди.
15 Исроил халқи Бенямин қабиласига ниҳоятда ачинар эди, чунки Эгамиз уларни деярли йўқ қилиб юборган эди.
16 Шунда жамоа оқсоқоллари шундай дедилар: — Оббо, энди қолган Бенямин ўғилларига қаердан қиз топиб берамиз? Уларнинг қабиласидан биронта қиз ҳам тирик қолмади–ку!
17 Бенямин қабиласи Исроилдан батамом йўқ бўлиб кетмаслиги учун омон қолганлари насл қолдиришлари керак.
18 Лекин шуниси ҳам борки, биз: “Бенямин қабиласига қиз узатган лаънати бўлгай!” деб қасам ичиб қўйдик, энди уларга қиз узата олмаймиз.
19 Шунда одамлардан биттаси: — Ҳа, айтганча, Эгамизга бағишлаб Шилўда ҳар йили ўтказиладиган байрам ҳақида нима дейсизлар? — деди. — Лавўн ва Байтил шаҳарларининг ўртасида жойлашган бу шаҳар, Байтилдан Шакамга кетадиган йўлнинг шундоқ ёнгинасида–ку.
20 Оқсоқоллар Бенямин қабиласидан бўлган бўйдоқ йигитларга шундай уқтирдилар: — Боринглар, узумзорларда яшириниб,
21 пойлаб туринглар. Шилў қизлари ўйинга чиққанда, узумзордан чиқиб, ҳар бирингиз ўзларингиз учун қиз олиб қочинглар.
22 Қизларнинг оталари ёки ака–укалари олдимизга шикоят қилиб келадиган бўлишса, биз уларга шундай деймиз: “Қизларингизни олиб қолишимизга ижозат беринглар. Тушунинглар ахир, биз Гиладдаги Ёбошга ҳужум қилганимизда Бенямин йигитлари учун етарлича қиз олиб кела олмадик. Гарчи Бенямин йигитлари қизларингизни олиб қочган бўлса–да, сизлар қасамни бузган ҳисобланмайсизлар.”
23 Бенямин одамлари Шилўга бориб, узумзорларда яшириниб олдилар. Қизлар рақсга тушганларида улар ўзлари учун биттадан қиз олиб қочдилар. Сўнг олиб қочган қизлари билан уйларига қайтиб кетдилар, шаҳарларини тиклаб, ўша жойда яшадилар.
24 Бутун Исроил жамоаси ҳам уй–уйларига, қабилалари ва оилаларига қайтиб борди.
25 Ўша даврларда Исроилда шоҳ йўқ эди. Ҳар бир одам билганини қилар эди.