РУТ КИТОБИ
Кириш
Рут китобида ҳакамлар даврида яшаган яҳудий бир оиласининг ҳаёти тўғрисида ҳикоя қилинади. Бу оила кейинчалик Исроилда муҳим ўрин тутди. Чунки Рутнинг эвараларидан бири Довуд буюк шоҳ бўлди. Китобда Рутдан ташқари яна бир асосий қаҳрамон унинг қайнанаси Наимадир. Наима эри ва икки ўғли билан Байтлаҳм шаҳрида яшарди. Лекин Исроил юртида очарчилик бошлангани учун бу оила Мўаб юртига йўл олади. Наиманинг эри у ерда вафот этади, ўғиллари эса Мўаблик қизларга уйланадилар. Ўша қизлардан бири Рут эди. Наиманинг иккала ўғли ҳам Мўабда оламдан ўтгач, Наима Байтлаҳмга қайтишга қарор қилади. Наима иккала келинидан Мўабда қолишларини ва ўзларига бошқа қайлиқ топишларини ўтиниб сўрайди. Лекин Рут Наима билан бирга Байтлаҳмга кетишга қарор қилади. Китоб давомида Рут қандай қилиб Наиманинг Бўаз исмли бой қариндошига турмушга чиққани тўғрисида ҳикоя қилинади. Таврот қонунига мувофиқ*, Мўабликларнинг Исроил халқи қаторига қўшилиши ман қилинган эди. Бироқ Рут Худога ва қайнанасига бўлган меҳри ва самимий садоқати туфайли, истисно тариқасида Исроил халқи қаторига қўшилади. Бутун Исроил халқи руҳий инқирозга учраган, Худога бўлган эътиқодидан воз кечган оғир бир даврда Рут ва Бўаз чин садоқат тимсоли бўлиб гавдаланади.