ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)
Кириш
“Шоҳлар (биринчи китоб)”да Исроил юртида тузумнинг ўзгариши, яъни халққа энди олдингидек ҳакамлар эмас, балки шоҳ ҳукмронлик қилиши билан боғлиқ бўлган воқеалар баён қилинади. Халқнинг сўнгги ҳаками Шомуил пайғамбар, Исроилнинг биринчи шоҳи Шоул ва Худо танлаган навбатдаги шоҳ Довуд китобнинг бош қаҳрамонларидир. “Шоҳлар (биринчи китоб)” ва “Шоҳлар (иккинчи китоб)”нинг асл нусхаси битта ибронийча китоб бўлиб, иккала қисмини битта ўрамга жойлаш узунлик қилгани учун, китоб икки қисмга — “Шоҳлар (биринчи китоб)” ва “Шоҳлар (иккинчи китоб)”га бўлинган. “Шоҳлар (биринчи китоб)”нинг илк қисмида (1-7–боблар) Шомуил пайғамбарнинг ҳаёти тўғрисида ҳикоя қилинади. Шомуил Исроилга ҳужум қилаётган ғанимларга қарши жангда Исроил лашкарига ёрдам беради. Лекин Шомуил кексайгач, лашкарга шоҳ йўлбошчилик қилсин деб, халқ Худодан бир шоҳ сўрашга қарор қилиб, Худони ранжитади. Чунки шу пайтгача Худонинг Ўзи Исроил халқининг Шоҳи эди. Халқ Худодан бир шоҳ сўраганда эса, Исроил тахтига инсон ўтиради. Шунга қарамай, Худо тахтга ўтқазган инсонни воситачи сифатида ишлатиб, Ўзи халқнинг ҳақиқий Шоҳи бўлиб қолаверади. Китобнинг иккинчи қисмида (8-15–боблар) Худо Шомуилга Шоулни Исроилнинг биринчи шоҳи қилиб тайинлаш тўғрисида амр беради. Шоул ва унинг тўнғич ўғли Йўнатан Оммон ҳамда Филист халқларига қарши олиб борган кўп жангларда ғолиб чиқадилар, лекин Шоул Худога чин дилдан итоат этмайди. Шоулнинг итоатсизлиги оқибатида Худо уни шоҳ сифатида рад этиб, унинг наслини Исроил тахтидан маҳрум қилади. Китобнинг учинчи қисмида (16-31–боблар) Худо Шомуилга Довуд исмли ёш йигитни навбатдаги шоҳ қилиб тайинлаш тўғрисида амр беради. Китобда яна Довуд баҳайбат Филист жангчиси Гўлиётни ўлдиргандан кейин тез орада миллий қаҳрамон бўлиб кетгани тўғрисида ҳам ҳикоя қилинади. Довуд тобора обрў–эътибор орттириб бораверади. Шоул эса Довуддан шубҳаланади. Гарчи Довуд Шоулнинг қизи Михалга уйланган ва Шоулнинг тўнғич ўғли Йўнатан билан қадрдон дўст бўлса ҳам, Шоул Довудни ўлдириш пайига тушади. “Шоҳлар (биринчи китоб)”нинг қолган қисмида Довуднинг Шоулдан қочиб қутулгани ва саҳрода ўзининг кичик лашкарига йўлбошчи бўлгани тўғрисида ҳикоя қилинади. Китоб Шоул ва унинг уч ўғли Филист лашкари билан бўлган жангда ҳалок бўлгани тўғрисидаги аянчли воқеалар билан тугайди. Танланган шоҳнинг муваффақияти ёки мағлубияти Худога бўлган итоаткорлигига бевосита боғлиқ, деган ғоя китобда яққол сезилиб туради.